26 март куни Миллий матбуот марказида Микрокредитбанк томонидан аҳоли бандлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йил режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда банк бошқаруви аъзолари, департамент раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Тадбирда маълум қилинишича, банк 2025 йил давомида жами 10,2 трлн сўм кредит ажратган. Шундан 7,9 трлн сўм кичик ва ўрта бизнесга, 4,2 трлн сўм эса турли дастурлар доирасида йўналтирилган. Жумладан, PQ-312 қарори доирасида 936 млрд сўм, “Бизнесга биринчи қадам” дастурига 456,4 млрд сўм, оилавий тадбиркорлик дастурига 1,6 трлн сўм, “Менинг маҳаллам” дастурига эса 1,1 трлн сўм ажратилган.
Банк ҳисоботига кўра, 2025 йилда 345 минг 895 нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Шундан 122 минг 66 нафари доимий ишга жойлаштирилган, 223 минг 829 нафари эса тадбиркорликка жалб қилинган. Шунингдек, 47 минг 975 та микролойиҳага 905,1 млрд сўм кредит ажратилиши натижасида 98 минг 305 та иш ўрни яратилган. Кам даромадли 11 минг 142 та хонадонга 318 млрд сўмлик лойиҳа пакетлари етказиб берилиб, 16 минг 704 нафар аҳоли бандлиги таъминланган.

“Уйчи тажрибаси” доирасида банкнинг 50 минг 850 нафар тадбиркори билан 3 минг 275 марта учрашув ўтказилган. Уларда кўтарилган 13 минг 940 та мурожаат ҳал этилиши орқали 15 минг 809 та янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида аҳолига ижарага берилган 1 минг 747 гектар ер майдонида 159 та намунавий лойиҳа амалга оширилиб, 34 минг 764 тонна маҳсулот етиштирилган. Унинг 2 минг 195 тоннаси экспорт қилиниб, умумий ҳисобда 211,3 млрд сўм даромад олинган.
Банк 2026 йилда барча манбалар ҳисобидан 11 трлн сўмлик кредит ажратишни режалаштирмоқда. Шундан 7,4 трлн сўм кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга, 4,8 трлн сўм эса дастурлар доирасида йўналтирилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ташқи манбалар ҳисобидан 400 млн доллар маблағ жалб қилиниб, унинг 150 млн доллари инвестиция лойиҳаларига, 175 млн доллари эса кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши белгиланган.

Йилнинг январь–март ойларида банк томонидан ҳозирга қадар 1,7 трлн сўм кредит ажратилган. Шу даврда 16 минг 719 нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, 1 минг 822 та янги иш ўрни яратилгани айтилди.

