Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Ўзбекистонда исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгиланди

28.03.2026 15:47

7

Ўзбекистонда банк фаолиятини ушбу қонунда белгиланган тартибда ташкил этилган ва Марказий банк берган тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар амалга ошириши мумкинлиги белгиланди. Мазкур лицензия чекланмаган муддатга берилади ва уни ёки унга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.

Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. Бу 27 март куни қабул қилинган ЎРҚ–1126-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда назарда тутилган.

Қонунга мувофиқ, банкларнинг исломий молия операциялари қаторига фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки инвестициявий омонатларга маблағ жалб этиш, вакиллик шартномаси орқали маблағ бериш ёки омонат жалб қилиш, товарни насияга сотиш, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали молиялаштириш, шерикчилик асосида фаолият юритиш ёки юридик шахслар устав капиталида иштирок этиш, шунингдек, мол-мулкни сотиб олиш ҳуқуқи билан исломий ижарага бериш каби йўналишлар киритилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда банк фаолиятини ушбу қонунда белгиланган тартибда ташкил этилган ва Марказий банк берган тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар амалга ошириши мумкинлиги белгиланди. Мазкур лицензия чекланмаган муддатга берилади ва уни ёки унга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.

Қонунга кўра, Марказий банк ҳузурида 5 нафар аъзодан иборат Исломий молия кенгаши ташкил этилади. Шу билан бирга, исломий молия операцияларига солиқ солишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам белгилаб қўйилди.

Хусусан, исломий молия фаолияти доирасидаги айрим операциялар қўшилган қиймат солиғидан озод этилади. Булар қаторига исломий қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар, ишончли бошқарув шартномалари асосида кўрсатилган хизматлар, исломий ижарадаги айрим ижобий фарқлар, шунингдек, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозларга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устамалар киради.

Шу билан бирга, исломий молия фаолияти доирасида кўчмас мулкни молиявий ижарага берадиган банклар ва микромолия ташкилотлари мол-мулк солиғи тўловчилари деб эътироф этилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган