Таниқли журналист, ёзувчи, таржимон ва сиёсатчи Карим Баҳриев 64 ёшида оламдан ўтди. Хабарларга кўра, у бироз муддат олдин инсульт билан шифохонага ётқизилган эди.
Баҳриев Карим Ҳакимович 1962 йил 15 июлда Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғўс қишлоғида туғилган. У журналист, ёзувчи, таржимон, собиқ депутат ва парламент аъзоси сифатида танилган бўлиб, 90-йиллар журналистикаси ва сиёсий ҳаётида кўп қиррали шахс сифатида из қолдирган.
Карим Баҳриев 90-йиллар бошида кескин ва шов-шувли чиқишлари билан машҳур бўлган “Ҳуррият” газетасига бош муҳаррирлик қилган. Газетанинг атиги 5 та сони чоп этилган бўлса-да, ҳар бир сони катта муҳокамаларга, таҳдидларга ва юқори доираларда навбатдан ташқари йиғилишларга сабаб бўлган.
У мустақил Ўзбекистонни шакллантириш жараёнларида иштирок этган, ҳамкасблари бошидан кечирган қатағон ва таъқибларнинг гувоҳи бўлган. Шунингдек, у расмий матбуот ва телевидениеда 21 йил давомида тақиқда бўлган эди.

