Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизини қоплаб бериш тартиби ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ушбу имтиёз президентнинг 2025 йил 9 ноябрдаги қарорида белгиланганди. Ҳужжатда ҳар йили 15 йил иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларига ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг 25 фоиз дастлабки бадали тўлаб берилиши кўрсатилган.
Бунинг тартиб-таомилларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳасига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг ижросини ташкил этиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Вазирлик subsidiya.mf.uz ахборот дастурий таъминот тизими орқали автоматик текшириш, реестрларни шакллантириш ва қарорлар/хабарномаларни электрон тарзда етказиш ҳамда субсидия тўловларини амалга оширишни таъминлаши лозим.
Нима қилиш керак?
Ипотека кредитлари бўйича субсидия ҳар йили йилнинг чорак қисмида белгиланган умумий сонининг тенг миқдорларда ажратилади. Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЕИДХП давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади. Бунда бир ЖШШИР бўйича бир чорак доирасида фақат битта ариза қабул қилиниши таъминланади.
Аризаларни саралашда ягона мезон қўлланилади, яъни ариза берувчининг бир вақтнинг ўзида ҳозирги вақтда давлат тиббиёт муассасасида ишлаётганлиги ҳамда давлат тиббиёт муассасаларида камида ўн беш йил иш стажига эга эканлиги тасдиқланиши шарт ҳисобланади.
Ариза берувчининг аввал ушбу имтиёздан фойдалангани ҳолати қайта иштирокни чеклаш учун асос ҳисобланади. Чоракнинг охирги иш куни соат 14:00 да қабул автоматик ёпилади ва бундан кейин реестр таркибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Субсидия эгалари рандом танлови ўтказиш орқали аниқланади
Random танлов ҳар чоракнинг охирги иш куни соат 16:00 да онлайн тарзда ўтказилади ва танловга фақат “Танловга қўйилди” мақомидаги аризалар киритилади, бунда мезонларга тўлиқ мувофиқ иштирокчилар орасидан ҳар чорак учун белгиланган квота доирасида 125 нафар ғолибни random.org сайти орқали ССВда ташкил этилган ишчи комиссия иштирокида тасодифий усулда аниқлаб олинади.
Танлов жараёни шаффофлиги ва натижани қайта текшириш имкониятини таъминлаш мақсадида танловнинг онлайн трансляцияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари орқали амалга оширилади ва ёзуви архивланади. Ҳар бир иштирокчи эса шахсий кабинет орқали ўз натижасини кўради ҳамда натижа ҳақида электрон хабарнома олади.
Танлов натижасига кўра квота доирасида 125 нафар иштирокчига “ғолиб” мақоми, қолган иштирокчиларга “танловдан ўтмади” мақоми берилади, бироқ “танловга қўйилди” мақомидаги аризалар сони 125 нафардан кам бўлган ҳолатда мезонга тўлиқ мувофиқ келган барча иштирокчилар “ғолиб” деб топилади ва кейинги босқичга, яъни ҳужжатларни тақдим этиш жараёнига ўтади.
“Ғолиб” мақоми берилган ариза берувчи ғолиблик мақоми берилган санадан бошлаб 6 ой мобайнида дастурий таъминот тизими орқали ипотека шартномаси нусхасини ва паспорт (ID-карта) нусхасини электрон шаклда тақдим этади.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 2026 йил 9 апрелга қадар давом этади.

