2026 йил ёзида АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати мезбон мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ кескин инқироз шароитида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Amnesty International'нинг 30 март, душанба куни эълон қилинган “Инсоният ғалаба қозониши керак: ФИФА-2026 жаҳон чемпионатида ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва репрессияларга қарши кураш” номли ҳисоботида сўз боради.
Мусобақа ўйинларининг асосий қисми бўлиб ўтадиган АҚШда “инсон ҳуқуқлари соҳасида фавқулодда вазият” кузатилмоқда ва у “таниш авторитар амалиётлар” билан кечмоқда, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари. Amnesty International асосий муаммолар сифатида қуйидагиларни санаб ўтади: “Қуролланган агентлар эшикларни бузиб кирмоқда, болаларни ушлаб кетмоқда ва аллақачон юз минглаб кишиларни депортация қилди. Айрим футбол мухлислари омма олдида кўриниш хавфли бўлиб қолганини айтмоқда, тўрт давлат — Кот-д’Ивуар, Ҳаити, Эрон ва Сенегал фуқароларига эса мамлакатга кириш тақиқланган”.
Amnesty International фикрича, АҚШда жаҳон чемпионати вақтидаги энг жиддий хавф “қаттиққўл, камситувчи ва кўп ҳолларда ўлимга олиб келувчи миграция назорати” тизимидан келиб чиқади. Ҳисобот муаллифлари шундай ёзади: “Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ҳамда АҚШ Чегара-божхона хизмати ҳарбийлаштирилган тузилмаларга айланди: ниқобли, қуролланган агентлар ордерсиз уйларга бостириб кирмоқда, одамларни асоссиз ушламоқда, ҳибсда сақламоқда, зўравонлик қилмоқда ва ўлдирмоқда”.
Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил бошидан буён ICE сақлаш марказларида 43 киши вафот этган, агентлар эса “ўлимга олиб келувчи куч ишлатган, жумладан ноқонуний ўлдириш ҳолатлари ҳам бўлган”. Бундан ташқари, расмий статистикага кўра, ўтган йили 500 мингдан ортиқ киши депортация қилинган, ICE томонидан кўчаларда амалга оширилган ҳибслар сони ўн бир баробарга, ҳибсда сақланаётган болалар сони эса олти баробарга ошган. Amnesty International Майами яқинидаги сақлаш марказларидаги шароитларни шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни таҳқирловчи муомалага, айрим ҳолларда эса қийноққа тенглаштирган.
Ҳисоботда шундай дейилади: “Футбол мигрант жамоалар орасида оммабоп бўлишига қарамай, на ФИФА, на АҚШ ҳукумати этник профиллаш, ўзбошимчалик билан ушлаш ва депортациядан ҳимоя бўйича кафолат берди. Бундан ташқари, ICE вакиллари агентлик жаҳон чемпионати хавфсизлик тизимининг бир қисмига айланишини айтган”.
Мексикада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар аллақачон “чуқур илдиз отган”, дея қайд этади ҳуқуқ ҳимоячилари. Улар “кенг тарқалган зўравонлик, жазосизлик ва тизимли таҳдидлар”га ишора қилади. Amnesty International расмий маълумотларга таяниб ёзишича, Мексикада қотилликлар даражаси дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, ҳар 100 минг аҳолига 17,5 ҳолат тўғри келади, ўғирлаб кетиш ҳолатлари сони эса сўнгги 10 йил ичида 200 фоизга ошган.
Зўравонлик даражаси юқори бўлгани сабабли турнир учун 100 минг нафар хавфсизлик ходими, жумладан 20 минг ҳарбий сафарбар қилинган. Amnesty International бунда ҳарбийларни жалб этишни ҳам Мексиканинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бузиш деб баҳолайди, чунки жамоат тартибини сақлаш, аввало, фуқаровий полиция ваколати бўлиши керак.
Канада мисолида эса Amnesty International'ни энг кўп ташвишлантираётган масала мамлакатда давом этаётган уй-жой инқирозидир. Ташкилот огоҳлантиришича, бу 2010 йил Ванкувер қишки Олимпиадаси олдидан бўлгани каби, яна уйсизларни мажбурий кўчиришга олиб келиши мумкин. Ҳисобот муаллифлари: “Торонтодаги уйсизлар учун мўлжалланган қишки бошпана ФИФАга майдон ажратилиши сабабли бир ой олдин ёпилди”, деб ёзади.
Ташкилот фикрича, глобал вазият ҳам таранглигича қолмоқда. Amnesty International бу борада “АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг халқаро ҳамкорлик механизмларини емиришга қаратилган қадамлари”ни тилга олади ва бунга Венесуэла ҳамда Эронга қилинган ҳужумларни мисол сифатида келтиради.
Amnesty International инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ асосий чақириқлар қаторида АҚШ ва Мексикада журналистларга босим кучайганини ҳам келтиради. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси — CPJ Мексикани “Ғарбий яримшарда матбуот учун энг хавфли мамлакат” деб атаган. 2025 йил давомида Мексикада ўз касбий фаолияти туфайли етти журналист ўлдирилган. Ҳисобот муаллифлари шундай ёзади: “Юзлаб қайд этилган ҳужумлар ва ўнлаб қотилликларга қарамай, Мексиканинг махсус прокуратураси 2012 йилдан 2023 йилгача журналистлар қотиллиги бўйича атиги саккизта айблов ҳукмига эришган, федерал ҳокимият эса қотилликка буюртма берганларни жавобгарликка тортмаган”.
Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар учала мамлакатда, турли даражада бўлса-да, тинч йиғинлар ўтказиш ҳуқуқига қўйилаётган чекловлар ва айрим шахсларга нисбатан камситиш ҳолатларини қайд этади. Муаллифлар ёзишича, АҚШда Доналд Трампнинг айрим одамлар ҳуқуқларига оид сиёсати туфайли европалик айрим мухлислар гуруҳлари ўйинларга боришдан воз кечган. Мексикада эса зўравонлик даражаси юқори бўлиб қолмоқда; Amnesty International таъкидлашича, бу кўрсаткич бўйича мамлакат дунёда иккинчи ўринда туради. 2024 йилда Мексикада айрим шахсларни ўлдириш билан боғлиқ 59 ҳолат қайд этилган.
Amnesty International АҚШ, Канада ва Мексикани фикр билдириш эркинлиги ва тинч йиғинлар ўтказиш ҳуқуқини кафолатлашга, АҚШга кириш тақиқларини бекор қилишга, айрим шахсларни ҳимоя қилиш бўйича самарали чоралар кўришга, миграция рейдлари ва ноқонуний депортацияларни тўхтатишга, шунингдек жаҳон чемпионати ўтказиладиган жойлар миграция назорати органлари томонидан таъқиб қилинмаслигини таъминлашга чақирди.
Германиядаги Amnesty International бўлими бош котиби Юлия Духров шундай деди: “Агар ICE рейдлари, оммавий ҳибслар ва кириш тақиқлари давом этса, бу турнир давлат қўрқитувининг рамзига айланади. ФИФА ва мезбон мамлакатлар ҳозирнинг ўзида барча иштирокчиларга қўрқув ва яккаланишсиз жаҳон чемпионатидан баҳра олиш имконини берувчи мажбурий кафолатларни тақдим этиши лозим”.

