“Экомаданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгиланишича, ушбу техникумларда ҳудуднинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий шароитларидан келиб чиқиб, соҳалар учун ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
2026–2028 йилларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий даража олган номзодлар сонини 150 нафаргача етказиш мақсад қилинган. 2030 йилгача республиканинг ҳар бир ҳудудидаги “яшил” техникумларда 10 минг нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш учун экологик таълим ва илмни янада ривожлантирилади.
“Яшил” техникумларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш мақсадида улар Касбий таълим агентлиги билан келишув асосида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — Green University’га бириктирилади.
Университет ҳамда “яшил” техникумлар таълим тизимининг узвийлигини таъминлаш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
- “яшил” техникумларда таълим жараёни университет томонидан ишлаб чиқиладиган ва Касбий таълим агентлиги тасдиқлайдиган таълим дастурлари асосида ташкил этилади;
- “яшил” техникумларда мажбурий ва танлов фанлари университет томонидан белгиланади;
- университетнинг 1-босқичида ўқитиладиган мутахассислик фанлари “яшил” техникумларнинг 2-босқич ўқув дастурларига махсус курс сифатида киритилади;
- “яшил” техникумларни муваффақиятли битирган инглиз тилидан В2 даражага эга бўлган битирувчиларга университет томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (ГПА) келиб чиқиб, бакалавриатнинг 2-босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат берилади;
- “яшил” техникумларда экостипендия таъсис этилади ва ҳар йили 10 нафаргача иқтидорли ўқувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (айни пайтда бу миқдор ойига 1 271 000 сўмни ташкил қилмоқда) кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.

