Москвада 15 мингга яқин курьер белгиланган талабларга риоя қилмагани сабабли ишдан четлаштирилди. Бу ҳақда шаҳар мери ўринбосари, транспорт масалалари бўйича масъул Максим Ликсутов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда шаҳарда курьерлар учун ягона стандарт жорий этилган бўлиб, у ташқи кўриниш, транспорт воситаси ва сумкалар ҳолатини тартибга солади. Ушбу талабларнинг бажарилиши етказиб бериш хизматлари томонидан назорат қилинади.
Ликсутовнинг таъкидлашича, шаҳар ҳокимияти видеокузатув камераларидан олинган маълумотларни компанияларга узатади. Агар курьер қоидаларга риоя қилмаса — масалан, белгиланган кийимда бўлмаса, ифлос велосипеддан фойдаланса ёки сумкасида идентификация рақами бўлмаса — хизматлар тегишли чораларни кўради.
Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузган электросипедли курьерлар ҳам аниқланиб, уларнинг маълумотлари йўл ҳаракати хавфсизлиги органларига юборилиши мумкин. Велосипедларда рақамларнинг мавжудлиги қоидабузарларни тез аниқлашга ёрдам беради.
«Баъзи ҳолларда текширувлардан сўнг курьерлар қайта ўқитишга юборилади. Айрим вазиятларда эса улар хизматлар базасидан чиқариб ташланади, бу эса буюртма олиш имкониятидан маҳрум этади», – дейилади хабарда.
Аввалроқ Россияда Ўзбекистондан келган қарийб 1,3 миллион меҳнат мигранти борлиги хабар қилинган эди. 2025 йилда уларнинг 106 минг нафари ташкиллаштирилган тартибда ишга юборилган бўлиб, тахминан 50 минг нафари йирик корхоналарда иш билан таъминланган.

