Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

«Жамиятни қайта қурамиз деб астойдил ишондик, алданганимизни кечроқ сездик». Карим Баҳриевнинг машҳур мақоласини эслаб

31.03.2026 15:00

26

29 март куни журналист, шоир, собиқ депутат Карим Баҳриев вафот этди. Gazeta унинг 1991 йил 7 июнь куни чоп этилган демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари борасидаги «Уйғониш машаққати» мақоласини қайта эълон қилади. Муаллиф бу мақолада шахсни улуғлаш тенденцияларидан огоҳлантирганини таъкидлаган.

29 март куни таниқли журналист, шоир, таржимон ва собиқ депутат Карим Баҳриев оғир хасталик сабабли 63 ёшида вафот этди. У узоқ йиллар турли босма нашрларда фаолият юритган. Айниқса, 90-йилларнинг бошларида «Ҳуррият»нинг бош муҳаррири сифатида танилган.

Карим Баҳриев журналистлика соҳасига оид ўнлаб китоб ва қўлланма ёзган. У таржимон сифатида немис, малай, озарбайжон, турк, араб, инглиз, испан, исланд шоир ва ёзувчиларининг романлари, шеърлари ва балладаларини ўзбекчага ўгирган. Хусусан, Генри Форднинг «Менинг ҳаётим», Жорж Оруэлнинг «1984» ва «Молхона», Светлана Алексеевичнинг «Чернобиль таваллоси» романларини ва Малкольм Гладуэлнинг «Даҳолар ва уддабуронлар» асарларини ўзбекчалаштирган.

Марҳум журналист сўнгги йилларда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида медиа ҳуқуқи ва этикаси фани профессори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Gazeta Карим Баҳриевнинг Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши сессияси олдидан 1991 йил 7 июнь куни «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида халқ депутати сифатида чоп этган демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари борасидаги «Уйғониш машаққати» мақоласини қайта эълон қилади. Муаллиф кейинроқ ушби мақоласида ўша даврда «шахсга сиғиниш» тенденциялари бошланаётганидан огоҳлантирганини таъкидлаган эди.

«Уйғониш машаққати»

Халқ депутатлиги мен ва менинг маслакдошларим учун нимадир? Давр тақозоси билан кулиб боққан омадми ёки сўнгсиз азобларнинг интиҳосими? Кўпчилик тенгдошлар ҳавас қилган тахтми ёки халқ кўз ўнгида «ўлиш учун» қатл кундасими?

Менинг ниятим битта эди — энди бу маъмурий-буйруқбозлик тузумининг куни битган, уни ўзгартириш керак. Бу ният халқнинг нияти, Горбачевнинг ҳаракати билан мос тушгандай туюлди ва биз ўзимизни сайловнинг чиғириғига урдик. Бизни сайладилар ва биз «демократлар» деб ном олдик. Жамиятни қайта қурамиз, деб астойдил ишондик, алданганимизни кечроқ сездик. Мажлис ва машваратларда баланд лавозимли шахсларни қўрқмай «дўппосладик» ва бизнинг бошимизни силашди. Биз инсофли кишиларга йўл очиб бераётгандай эдик. Лекин бизнинг бошимизни силаётганлар бизнинг «тилимиз» билан ғанимларини ағдариб, улардан ҳам пишиқ ва айёр шерикларига жой очаётган эканлар. Мавқеларини мустаҳкамлаб олгач эса, ўзимизга ҳужумга ўтишди. «Демократлар» қўли билан тахтга чиқиб, кейин курашган кишилари «демократлар» бўлди.

Бирини ишдан ҳайдашди, бирини дўппослашди, яна бирини қамашди. Авваллари бизнинг танқидларимизга ёш боланинг ҳархашасига қарагандай қарашди. Кейин… Бухоро амири Саид Олимхон ёзувчи Садриддин Айнийни 75 дарра урдирганини ўқиб, мактабда амирга нисбатан ғазабга мингандик. Бугун дарра эмас, бошқа йўллар бор. Амир Олимхон раҳмдилроқ бўлган эканми?..

Ҳар ҳолда бугун «Совет Ўзбекистони» газетасида рўза ҳайити билан табриклашса, ойнаи жаҳонда муфтий ҳазрат муборак чеҳраларидан нур ёғилиб «Қуръони Карим»дан қироат этсалар, Наврўз сайли байрам қилинса, кўнгил таскин топади. Лекин буларнинг бари «юқори» учун ҳам, «қуйи» учун ҳам мавжуд яшаш тарзини ўзгартирмайди. Сиз уларга халақит бермасангиз бўлди, ўнта Наврўзни сайл қилиб беришади.

Ҳар ҳолда биз сайлангач, Олий Кенгаш идорасига кирса этик кийган деҳқон келди, уни айрим амалдорлар ижирғанса-да, ҳукуматнинг гиламли кабинетларига киргизиб, арзини эшитдик, гоҳи ёрдам қилдик. Даланинг шовқини идораларга кирди. Бизни бу идорадан қандай ҳайдашаркин деб кутаётганда, кимдир «парламент бағрига сингиганимиздан» хавотир ола бошлади. «Мулоқот» журналининг 4-сонида Д. Ёқубов, Ж. Маматов, К. Баҳриевни аввалги жойларига қайтаришга даъват қилган мақола босилди. «Юқори» кимга буюртма беришини билади…

Навбатдаги сессия олдидан яна кўнгил бетоқат азоблар исканжасида қолди. Ҳукуматнинг режали иқтисодий сиёсати йўқлиги аниқ. Фақат мусодара чоралари кўрилмоқда — нарх оширилди, омонат кассаларидаги маблағларнинг 40 фоизи уч йилга тўхтатиб қўйилди, катта пуллар териб олинди, солиқлар оширилмоқда. Иккинчи томондан, ўқувчиларга берилаётган бир пиёла сут ва бир тишлам нон «ғамхўрлик» деб мақталмоқда. Келин-куёвларга мебель ва гиламга бир ярим минг сўм қўшиб берилди, дея ҳамма газета-журнал ёзади, 200 сўмлик узук бир ярим минг сўм бўлгани ҳеч қайси газетанинг «эсида йўқ»! Ойнаи жаҳонда муниса мухбир аёл тўрт-беш жиддий қиёфали масъул ходим билан газ, ичимлик сув билан таъминлаш ҳақида Фармонни шарҳлайди. Ахир, сув ичишга ҳамманинг ҳақи бор. Яқинда ўша аёл «Нафас олишга рухсат бериш» ҳақида Фармонни шарҳласа ажаб эмас.

Мени умидсиз, деб ўйламанг. Гарчанд айтган сўзимизни «юқори» эшитмаса-да, халқ эшитмоқда. Ростини айтиш эса — (қўлдан келганча) бизнинг яшаш тарзимиз, биз ҳукуматда ишласак ҳам «тузалмаймиз». Нега ёзмай қўйдингиз, дейишади. Гўё юзлаб газеталардан келиб «Ёзинг, босамиз», деб айтаётгандай, гўё ойнаи жаҳон мухбирлари келиб: «Суратга олайлик!» деб айтди-ю, биз йўқ деётгандай. Ким чоп этади?! Шу мақолани тўлиқ чиқаяпти, деб ўйлайсизми? Қайчиланмаган, деб ўйлайсизми? Телевидениеда «Депутат минбари» кўрсатуви ташкил қилдим, уч марта чиқиб, тақиқланди. «Учрашув» кўрсатувига таклиф қилишди. Мени чиқаришгач, бу кўрсатув ҳам ёпилди. Сезгандирсиз? Бугунгача бирор ерда мақолам тўлиқ чиққан эмас. Тўлиқ чиқарган киши айтсин!

Шунинг учун сессияда «Оммавий ахборот воситалари ҳақида» Қонун лойиҳаси муҳокама қилиниши умидли ҳодиса. Ниҳоят, мухбирни ҳам ҳимоя қилишса, унинг гапини-ку амалга оширишмаяпти, гапиришга қўйишса. Шоир айтганидек, «Агар рост гапирсанг, ҳеч ким индамаса, кўпчилик рост гапирарди!». Рост гап учун жазоланганлар кўп, ёлғон гап учун жазоланганлар йўқ. Буни кўпчилик билади. Қонуннинг мақсади: «Рост сўзлаганни ҳимоя қилиш, ёлғончини жазолаш!» бўлсин.

Яралишда шахсан мен ҳам иштирок этган Қонун лойиҳаси «Виждон эркинлиги ҳақида»дир. Сир эмас, кўп йиллар динга қарши кураш мақсади бўлган марксизм-ленинизм ҳам «дин»га айланди. Унинг ҳам жаннат ваъдаси бор — «коммунизм»! Дўзахи ҳам бор — буниси ваъда эмас, бор нарса — Сибирдаги маҳбусхоналар… Ўзбекистон ССРнинг «Виждон эркинлиги ҳақида» Қонуни лойиҳаси ушбу тарих сабоғини ҳисобга олган. Инсоннинг инсонлик ҳуқуқи ҳар нарсадан устун бўлиши лозим. Инсон диний эътиқоди учун таҳқирланиши мумкин эмас. «Виждон эркинлиги — бу фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидир», — дейилади лойиҳада. Қонун диндорларни даҳрийликнинг зўравонлигидан, даҳрийларни диний мутаассибликдан ҳимоя қилади. Марксга эътиқод қўйган киши Муҳаммадга эътиқод қилган кишини ўлдирмайди, шунингдек, Муҳаммаднинг уммати Маркснинг «уммати»га зўравонлик қилмайди. Қонун бу орада қалқондир. Шунингдек, у диний адабиётлар нашр этишни, дин ва давлат, диний ва илмий таълим, диний ташкилотлар, динлараро муносабатларни тартибга солиб туради.

Гап орасида: «Қонун ҳамма учун баробар», деганди М.С. Горбачев. Бу тўғри фикр ва у ҳаммага тааллуқли — менга ҳам, сизга ҳам, Горбачевга ҳам. Биз на Ленинга муҳаббатидан, ёки Аллоҳга эътиқодидан, на партия аъзолиги-ю аъзо эмаслигидан, на амалидан қатъи назар, ҳамма Қонунга бўйсунадиган ҳуқуқий, мустақил давлат қуришга киришганмиз. Гарчанд бизни ҳамма ҳам ёқтиравермаса-да.

Йигирма уч кишининг қони тўкилган Паркент учун ҳеч ким жавоб бермай, ҳеч ким ўлмаган Яккабоғ учун қамоқда ўтиришса, бу ҳуқуқий давлат эмас. Ҳуқуқий давлат депутатларни халққа қайрамайдиган, эл озод ва эркин бўладиган муқаддас жойдир. Бизнинг еримиз ҳам, элимиз ҳам ўшандай давлатда яшашга ҳақлидир.

Карим Баҳриев, Ўзбекистон халқ депутати.

карим баҳриев, уйғониш машаққати

Мақола В.Молгачёв суратга олган фотога «Демократия сўз сўрамоқда» изоҳи билан чоп этилган.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган