Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида велосипед ва самокатларда ҳаракатланиш тақиқланди. Бу ҳақда боғ маъмурияти расман маълум қилди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб боғ ҳудудида барча турдаги велосипед ва самокатлар ҳаракати тўлиқ тўхтатилади. Мазкур чеклов Илмий кенгаш қарори ҳамда ташриф буюрувчиларнинг кўплаб мурожаатлари асосида жорий этилмоқда.
Таъкидланишича, сўнгги вақтларда боғ ҳудудида мазкур транспорт воситаларида ҳаракатланиш оқибатида фуқароларнинг йиқилиши ва турли даражадаги жароҳатлар олиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпайган.
Боғ маъмурияти баёнотида «хавфсизлик устувор вазифа» экани алоҳида қайд этилган. Шу сабабдан, хавф-хатарларни камайтириш мақсадида қатъий чоралар кўрилган. Янги тартибга кўра, боғ ҳудуди фақат пиёда сайр қилиш учун мўлжалланган ҳудуд сифатида шакллантирилади.
Маъмурият фуқаролардан белгиланган қоидаларга амал қилишни ва бошқалар хавфсизлигига бефарқ бўлмасликни сўраган.

