Ўзбекистонда қоидабузарлик учун ҳисобланадиган жарима балини автомобил эгасига эмас, бевосита транспорт воситасини бошқариб кетган шахсга бириктириш имконини берувчи хизмат ишга тушди.
Бунинг учун ҳайдовчи ҳақидаги маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали тизимга киритилиши керак.
Унга кўра, автотранспорт эгаси порталда тегишли хизматни танлайди, автомобилнинг давлат рақами ҳамда бошқариш муддатини кўрсатади. Шундан сўнг бошқарувчи шахснинг ЖШШИРи, паспорт серияси ва рақамини киритади ҳамда ҳужжат турини танлайди. Агар бошқарувчи яқин қариндош бўлса, ишончнома талаб қилинмайди. Бош ишончнома мавжуд бўлса, у аризага илова қилинади.
Шундан кейин ҳайдовчи ўз профилидаги “Хабарномалар” бўлимига кириб, аризани ЭРИ, Mobile-ID ёки Face-ID орқали тасдиқлайди.
Хизмат нархи БҲМнинг 0,9 фоизини ташкил этади. 10 фоизлик чегирма билан тўлов миқдори 37 минг 80 сўм этиб белгиланган. Ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун 50 фоизлик чегирма мавжуд.
Жисмоний шахсларнинг аризалари автоматик онлайн тарзда кўриб чиқилади. Агар бош ишончнома илова қилинган бўлса, жараён 5 кунгача чўзилиши мумкин. Юридик шахслар юборган аризалар эса 5 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Юридик шахслар учун ташкилот раҳбари ҳар бир транспорт воситаси бўйича алоҳида ариза юборади. Бунда ишончнома, суғурта полиси ёки йўл варақаси илова қилиниши лозим. Давлат органлари ҳамда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ташкилотлар учун ўз ходимларига жавобгарликни расмийлаштириш бепул экани қайд этилган.
Мазкур хизматдан фойдаланишда бир қатор талаблар ҳам мавжуд. Жумладан, ҳайдовчида амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши, ишончнома расмийлаштирилган бўлиши керак. Шунингдек, агар ОСАГО суғуртаси чекланган шаклда расмийлаштирилган бўлса, ҳайдовчининг исми унда албатта кўрсатилган бўлиши шарт.

