Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Ўзбекистонда ҳайвонларга шафқатсизлик қилганлар энди бир йилгача қамалиши мумкин

04.04.2026 22:20

14

2026 йил 25 март куни ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонун қабул қилинган. Унга кўра, бундай ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланади.

Ўзбекистон Экологик партияси фраксияси депутатлари томонидан ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатлари камайган бўлса-да, бундай нохуш ҳолатлар ҳануз учраб турибди. Айрим ҳолларда бу каби ҳаракатлар мутлақо асоссиз равишда, ҳатто кўнгилхушлик учун содир этилаётгани таъкидланмоқда.

Маълумот учун, 2026 йил 25 март куни ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонун қабул қилинган. Унга кўра, бундай ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланади.

Шу билан бирга, мутахассислар ва депутатлар мавжуд чоралар етарли эмаслигини қайд этиб, муаммони тизимли ва комплекс ёндашув асосида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда ишлаб чиқилаётган янги қонун лойиҳаси нафақат жазони кучайтириш, балки муаммонинг илдизига таъсир кўрсатишни ҳам назарда тутади.

Лойиҳага кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳисобланадиган ҳаракатлар аниқ белгиланиши ва қатъиян тақиқланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, бундай ҳолатлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш, жумладан, жарималарни базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача (82 миллион 400 минг сўм) ошириш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби чораларни жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, айбдор шахс зиммасига ҳайвонга етказилган зарар учун ветеринария харажатларини тўлиқ қоплаш мажбуриятини юклаш, ҳайвонларни ташлаб кетиш ҳолатларига барҳам бериш, эгаларининг мажбуриятларини аниқ белгилаш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, жамоат жойларида ҳайвонлар учун қулай шароитлар яратиш, жумладан, йўлбошловчи итлар ва эмоционал кўмакчи ҳайвонлар билан жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳам назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳайвонларга меҳр-мурувват билан муносабатда бўлиш маданиятини шакллантириш, шафқатсизликни тарғиб қилишни тақиқлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам қамраб олинади.

Экопартия мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан жамоатчиликдан таклифлар қабул қилинаётганини билдириб, манфаатдор шахсларни муҳокамаларда фаол иштирок этишга чақирди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган