Акула деганда кўз олдимизга фақат қонхўр йиртқич келади. Аммо аслида улар Ер юзидаги энг мукаммал ва сирли жонзотлардан биридир. Қуйида ушбу балиқларнинг нақадар ноёб эканини исботловчи фактларни тақдим этамиз.
1. Тишлар "конвейери"
Акулалар умри давомида 35 000 тагача тишини алмаштириши мумкин. Уларнинг тишлари доимий ҳаракатдаги конвейерга ўхшайди: биттаси тушса, орқадагиси дарҳол унинг ўрнини эгаллайди. Баъзи турларнинг тишлари таркибида табиий фтор мавжуд бўлиб, улар ҳеч қачон кариес бўлмайди.
2. Тирик "компас" ва электрорецепция
Акулалар океанда адашиб қолмайди, чунки улар Ернинг магнит майдонини ҳис қилиш орқали йўналишни аниқлайди. Бундан ташқари, уларнинг тумшуғида махсус ҳужайралар бўлиб, улар бошқа жонзотларнинг юраги ва нафас олиши натижасида ҳосил бўладиган энг кучсиз электр майдонларини ҳам сеза олади. Ҳатто қум тагига яширинган ўлжа ҳам акуладан қочиб қутулолмайди.
3. Сув ости "пойгачилари"
Акула-мако тури соатига 74 км тезликда суза олади ва сувдан 6 метр баландликка сакрай олади. Уларнинг тезланиши шу қадар кучлики, атиги 2 сония ичида 30 метр масофани босиб ўтиши мумкин.
4. Суяк ўрнига тоғай
Акулаларнинг скелетида бирорта ҳам суяк йўқ! Улар тўлиқ тоғайдан (хряш) иборат. Бу уларнинг танасини жуда эгилувчан ва енгил қилади, бу эса ов пайтида катта устунлик беради.
5. Қонни 5 километрдан сезиш
Оқ акулалар 100 литр сувдаги бир томчи қонни ҳам сеза олади. Улар ўлжанинг ҳидини 5 километр масофадан туриб аниқлаш қобилиятига эга.
6. Узоқ умр кўрувчилар
Китсимон акулалар 100 йилгача яшаши мумкин. Гренландия акулалари эса рекордчи ҳисобланади — уларнинг 400 йилдан ортиқ яшаши илмий исботланган.
7. Ҳамма нарсани ютувчи ошқозон
Тигр акулалари шу қадар очкўзки, уларнинг қорнидан ҳатто консерва қутилари, шиналар ва турли темир-терсаклар топилган. Уларнинг ошқозонидаги овқат бир неча ой давомида ҳазм бўлмай туриши мумкин.
8. Қуруқликда "юрадиган" акулалар
Эполет мушук-акуласи сув сатҳи пасайганда ўз қанотларидан "оёқ" сифатида фойдаланиб, сув тубида юриши мумкин. Бу табиатнинг энг ғаройиб манзараларидан биридир.
9. Акулалар нега чўкиб кетмайди?
Оддий балиқлардан фарқли ўлароқ, акулаларда "сузиш пуфаги" йўқ. Уларнинг ўрнини катта ва ёғли жигар босади. Жигар тана вазнининг 25 фоизини ташкил қилиши мумкин ва у балиқнинг сув юзасида мувозанат сақлашига ёрдам беради.
10. Аччиқ ҳақиқат: Ким ким учун хавфли?
Дунёда энг кенг тарқалган қўрқувлардан бири — акула ҳужумига учрашдир. Аммо рақамлар мутлақо бошқа ҳақиқатни кўрсатмоқда:
- Бир йилда акула ҳужумидан ўртача 12 киши ҳалок бўлади.
- Инсонлар эса ҳар соатда 11 417 та акулани ўлдиришади (йилига қарийб 100 миллион дона).

