Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

“Бешқўрғон”даги ёнғинда ҳалок бўлганлар борми?

06.04.2026 12:21

26

Қайд этилишича, ёнғин вақтида айрим ижтимоий тармоқларда ва блогерлар орасида “Бешқўрғон”даги ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар борлиги ҳақида турли асоссиз хабарлар тарқалган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу маълумотларни расман рад этиб, ёнғиндан ҳеч ким жароҳатланмаганини ва фуқаролар орасида қурбонлар йўқлигини маълум қилди.

Жорий йилнинг 5 апрель куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган “Бешқўрғон” бозорида йирик ёнғин содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ёнғин ҳақидаги хабар соат 15:56 да Тошкент катта ҳалқа автомобиль йўли кўчасидаги савдо дўконларининг бирида аланга чиққанлиги бўйича келиб тушган. Ҳодиса жойидан олинган тасвирларда бозор ҳудудида қуюқ қора тутун устуни осмонга кўтарилгани ва вазият анча жиддий бўлганлиги кўринади. Одамлар талваса ичида бозор ичкарисидан ўз товарларини ва автомобилларини хавфсиз жойга олиб чиқишга ҳаракат қилишган.

Вазиятни бартараф этиш учун қутқарув ва ёнғин ўчириш экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб борган. Фото ва видеоларда акс этишича, ёнғинни ўчириш жараёнига Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икромов шахсан раҳбарлик қилган. Ёнғин соат 18:18 да тўлиқ ўчирилган.

Кўрилган чоралар натижасида қатор талафотларнинг олди олиниб, савдо мажмуасининг 3000 квадрат метр майдони ва ундаги моддий бойликлар алангадан сақлаб қолинган. Шунингдек, ёнғиннинг бозорга туташ ҳудуддаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига ва 5 қаватли автотураргоҳга ўтиб кетишига йўл қўйилмаган.

Қайд этилишича, ёнғин вақтида айрим ижтимоий тармоқларда ва блогерлар орасида “Бешқўрғон”даги ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар борлиги ҳақида турли асоссиз хабарлар тарқалган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу маълумотларни расман рад этиб, ёнғиндан ҳеч ким жароҳатланмаганини ва фуқаролар орасида қурбонлар йўқлигини маълум қилди.

Вазирлик ўз баёнотида оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан маълумотларни нотўғри талқин қилмасликни, балки мавжуд расмий ахборотлардан оқилона фойдаланишни ҳамда ахборот тарқатишда эҳтиёткор бўлишни сўради. Ҳозирда махсус гуруҳлар томонидан ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган