Ўзбекистонда жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун жазони ўташ шартларини оғирлаштириш ҳамда тергов тизимини ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, жинсий эркинликка қарши ва айрим ахлоққа зид жиноятлар бўйича дастлабки тергов ички ишлар органларидан прокуратура органларига ўтказилади. Бу орқали тергов самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилиб, мазкур тоифадаги ишларни тергов қилиш тўлиқ прокуратура зиммасига юкланади. Шу билан бирга, жазони ижро этиш жараёнида қонунчиликка риоя этилиши устидан прокурор назорати кучайтирилади.
Янги нормалар жинсий жиноят содир этган шахслар учун жазони ўташ шароитларини ҳам оғирлаштиришни назарда тутади. Хусусан, Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни вояга етмаганларга нисбатан содир этган шахслар манзилли колонияларга ўтказилмайди.
Муҳокамаларда қайд этилишича, ушбу ўзгаришлар жинсий зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва тергов қилиш сифатини ошириш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда аёллар ва болалар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

