Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳудудида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 7 апрель куни соат 08:24 да 112 тизими орқали келиб тушган хабар асосида аниқланган. Ёнғин Оқтом маҳалласи даги газ қуйиш шохобчасида «КамАЗ» махсус автомобилидан пропан газини сиғимга қуйиш жараёнида юз берган портлаш натижасида келиб чиққан.
Ҳодиса жойига 5 та қутқарув бўлинмаси соат 08:39 да етиб бориб, ёнғин 08:42 да қуршаб олинган ва 10:10 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида икки нафар фуқаро енгил тан жароҳати олган. Уларнинг бири тахминан 10 фоиз, яна бири 3–4 фоиз даражада куйган. Масъуллар маълумотига кўра, жабрланганларнинг ҳаётига хавф йўқ, аҳволи қониқарли. Ҳалок бўлганлар йўқ.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага газни бўшатиш жараёнида технологик қоидаларнинг бузилиши сабаб бўлган.
Айни пайтда воқеа жойида мутасадди идоралар томонидан ҳолат сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

