Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Мактабларда спорт тури бўйича тўгараклар ташкил этиш ва мураббийларни маҳаллаларга жалб қилиш ишларининг аҳволи таҳлил қилинди.
Масалан, Тошкент шаҳрининг 15 та мактабида тўгараклар "номига" ташкил қилингани учун 3-4 нафар бола қатнаётгани кўрсатиб ўтилди. Ёки ўтган йили Жиззах, Қашқадарё, Фарғонадаги мактаб ўқувчиларининг тўртдан бири жисмоний тайёргарлик бўйича минимал талабни бажара олмаган.
Ҳокимлар олдига ҳар бир мактабда спорт тўгараклари учун шароит яратиш, тўгаракларга қамровни ошириш вазифаси қўйилди.
Спорт мактаблари маҳаллама-маҳалла юриб, иқтидорли ёшларни топиш ўрнига ҳалигача ўзи келган тайёр спортчи билан ишлаётгани қайд этилди. Масалан, спорт базалари бўйича пойтахтдан кейин турадиган Самарқандда 100 минг ёшни профессионал шуғуллантирса бўлади. Амалда бу 3 карра кам. Навоий, Сурхондарё вилоятлари ҳам бор қувватини ярмидан фойдаланмоқда, холос.

Йиғилишда ихтисослашган спорт мактабларининг оддий спорт мактабидан фарқи қолмаганига эътироз билдирилди.
Масалан, Термиз шаҳридаги 4 та ихтисослашган мактабнинг натижаси Жарқўрғондаги битта спорт мактабичалик бўла олмаяпти. Жарқўрғон спорт мактаби ўтган йили Осиё ва жаҳон чемпионатларида 6 та соврин олган бўлса, вилоятдаги 4 та ихтисослашган мактабда эса жами 1 та медал мавжуд.
Ҳар бир ихтисослашган спорт мактаби директори, жамоаси ва мураббийларнинг иш услубини ўзгартириб, ўсиш нуқталарини аниқ белгилаб, ойлик маошини ўқувчисининг натижасига боғлаш зарурлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга ютуқларга эришган спорт мактабларини амалдаги рағбатлантириш миқдорига қўшимча яна 500 миллион сўмдан алоҳида мукофотлашни йўлга қўйиш топширилди.

