Ўзбекистонда мол ва қўй гўштини импорт қилувчи тадбиркорларга вақтинчалик субсидия ажратилади.
Бу ҳақда “Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–130-сон, 2026 йил 7 апрель)да белгиланди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан 1 августга қадар тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади. Бунда субсидия миқдори ҳар бир килограмм гўшт учун 0,8 АҚШ долларидан ошмайди.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар хорижий давлатлардан ҳаво транспорти орқали импорт қилинган наслдор қорамол қийматининг 10 фоизи ҳам субсидия қилинади. Бу тўлов ҳар бир бош қорамол учун 4 миллион сўмдан ошмаслиги белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу субсидиялар билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун жорий йилда республика бюджетидан босқичма-босқич 300 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратади.
Қарорга мувофиқ, субсидиялар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан молиялаштирилади.
Ҳужжат ижросини ҳар ой муҳокама қилиб бориш, масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилган.

