Буюк Британиянинг Кембриж университети томонидан ишлаб чиқилган Cambridge Online Trust and Safety Index (COTSI) глобал лойиҳаси доирасида онлайн платформаларда сохта аккаунтлар яратиш бозори илк бор тизимли равишда таҳлил қилинди.
Ушбу индекс 500 дан ортиқ ижтимоий тармоқлар ва онлайн хизматларда (TikTok, Amazon, Spotify ва бошқалар) фейк аккаунтлар учун зарур бўлган SMS-верификация хизматларининг нархи ва мавжудлигини реал вақт режимида кузатиш имконини беради.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон телефон рақамлари орқали SMS-верификация хизматлари нисбатан арзон бўлиб, 100 АҚШ доллари эвазига 100 мингдан ортиқ аккаунтни тасдиқлаш мумкин.
Қайд этилишича, Ўзбекистонга тегишли рақамлар орқали 2,4 миллиондан ортиқ SMS-верификация “қора бозор”да тайёр ҳолатда мавжуд. Бу эса катта ҳажмда сохта аккаунтлар яратиш имконияти борлигини кўрсатади.
Тадқиқотда таъкидланишича, бундай хизматлар “онлайн манипуляция иқтисодиёти”нинг асосий қисмини ташкил қилади. Ушбу бозор орқали сохта профиллар яратиш, сунъий оммавийлик (лайк, обуначи) шакллантириш, мувофиқлаштирилган ахборот таъсири кампанияларини ўтказиш мумкин.
Мутахассислар фикрича, ҳар бир фейк аккаунт яратилиши телефон рақами ва SIM-картага боғлиқ бўлиб, айнан шу нуқта бутун тизимдаги асосий “бўғин” ҳисобланади.
Тадқиқотда глобал миқёсда бундай хизматлар очиқ сотилаётгани, ҳамда турли мамлакатларда нархлар SIM-карталар қиймати ва тартибга солиш даражасига қараб фарқ қилиши қайд этилган.
Шу билан бирга, келтирилган рақамлар тўғридан-тўғри барча фейк аккаунтлар амалда ишлайди, дегани эмас. Ушбу кўрсаткичлар, аввало, бозордаги таклиф ва имконият ҳажмини англатади: яъни қанча миқдорда SMS-верификация хизматлари мавжуд экани. Амалиётда эса бундай аккаунтларнинг бир қисми блокланиши, ишламаслиги ёки қисқа муддатли бўлиши мумкин. Шунга қарамай, тадқиқот бу йўналишдаги инфратузилма ва хизматлар реал ва кенг тарқалганини, шунингдек, улар орқали онлайн муҳитга таъсир ўтказиш имконияти мавжудлигини яққол кўрсатади.

