2026 йил 8 апрель куни “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ҳамда “Uzagrostar xolding” компанияси ҳамкорлигида “Менинг томорқам” платформасининг тақдимот маросими ўтказилди. Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк, тижорат банклари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур платформа томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига онлайн маслаҳат ва маълумот олиш, молиявий хизматлардан фойдаланиш ҳамда маҳсулотларни сотиш бўйича ягона хизмат кўрсатиш тизими сифатида ишлаб чиқилган. Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг тегишли фармон ва қарорлари асосида амалга оширилмоқда.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида платформага интеграция қилиниши кўзда тутилган вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базалари бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланди. “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали тегишли маълумотлар юзасидан ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
Тақдимотда платформа имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Қайд этилишича, унда фойдаланувчилар учун маркетплейс, эскроу ва биллинг тизими, логистика хизмати, кредит ва хизматларга мурожаат қилиш учун аризалар бўлими, эълонлар саҳифаси ҳамда онлайн курслар, агро-кутубхона, мақолалар, вебинар ва семинарларни қамраб олган таълим бўлими ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари, “UzAgrostar Xolding” компанияси муассислигида ташкил этилган ихтисослашган компаниялар томонидан томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари кесимида маълумотларни киритиш ва юритиш модули яратилди. Шу билан бирга, ихтисослашган компаниялар учун шахсий кабинетлар ҳам ишлаб чиқилди. Ушбу электрон платформалар орқали томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари, ер майдонлари, мавжуд иссиқхоналар, экин турлари, ҳосилдорлик кўрсаткичлари, савдо ва экспорт ҳажмлари, шунингдек, кооперация асосида бирлашадиган ташаббускор тадбиркорлар ҳақидаги маълумотлар тизимлаштирилган ҳолда юритилади.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида банк тизимини рақамлаштириш, FinTech хизматларини ривожлантириш ва рақамли банк хизматларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур платформа ҳам айнан шу вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган.
Платформа доирасида маркетплейс, эскроу ва биллинг тизимлари, логистика хизмати, кредит ва хизматларга онлайн ариза топшириш, эълонлар жойлаштириш ҳамда онлайн таълим (курслар, вебинарлар) каби қатор имкониятлар жорий этилган. Шунингдек, мобил иловада уруғ, ўғит, сув ва ер майдонини ҳисоблаш учун махсус калькулятор ҳам ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари, “Рақамли ҳукумат” тизими орқали идоралар ўртасида маълумот алмашинуви йўлга қўйилган. Платформа “Киберхавфсизлик маркази” томонидан уч босқичли экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса олган.
Тадбир доирасида “Agrostar konsalting” ва ихтисослашган компаниялар томонидан миллий бренд остида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Мазкур платформа фермерлар ва томорқа ер эгаларига ишлаб чиқаришдан тортиб, маҳсулотни сотишгача бўлган жараёнларни рақамли асосда бошқариш имконини беради.


