Президент Шавкат Мирзиёев Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди.
Маълум қилинишича, музей биноси реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Экспозициялар янгиланиб, рақамли технологиялар асосида янги имкониятлар яратилган. Шунингдек, хориждаги тўпламлардан харид қилинган экспонатлар билан музей фонди бойитилган.
Музейнинг биринчи қаватида “Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси” бўлими ташкил этилган. Иккинчи қаватда эса сунъий интеллект ва “ақлли” технологиялар асосида Амир Темур даври ҳамда темурийлар тарихи ҳақида интерактив экспозициялар жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 5 февралда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлашга оид президент қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда турли маърифий тадбирлар ўтказилиши белгиланган.

