Ҳукумат қарори билан заргарлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби белгиланди.
Қарорга кўра, “Заргарлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш ҳамда ҚҚС базасини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик низом тасдиқланган. Ушбу низом 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
Унга мувофиқ, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва ёки уларни чакана сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга 2026 йил 1 январдан бошлаб тўланган солиқнинг 80 фоизи республика бюджетидан қайтарилади.
Тадбиркорлар солиқ ҳисоботини топширгандан кейин, бироқ 3 ойдан кечиктирмасдан, тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш учун мурожаат қилиши мумкин. Мурожаатлар автоматлаштирилган дастур орқали кўриб чиқилади.
Солиқнинг бир қисми қуйидаги шартлар тўлиқ бажарилганда автоматик равишда қайтарилади: — ҳисобот даври учун ҳисобланган солиқ шу даврнинг 1-сидан 20-сига қадар бюджетга тўлиқ тўланган бўлиши; — заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки сотишдан тушган тушум умумий даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этиши; — ҳисобварақ-фактуралар ва назорат-касса техникаси чекларида товарлар ёки хизматларга оид идентификация кодлари тўғри акс эттирилган бўлиши.
Шунингдек, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚС базаси заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларнинг сотув нархи ҳамда улар таркибидаги қимматбаҳо металл ва тошлар қиймати ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқланади.

