Навоий вилоятида ноқонуний равишда олтин қазиб олган гуруҳлар аниқланди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда давлат захирасидаги ерларда олтинли рудаларни қазиб олиб, кимёвий қайта ишлаш билан шуғулланган шахслар фош этилган.
Маълум бўлишича, ушбу гуруҳга Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро бошчилик қилган. У Кармана туманида ижарага олинган хўжалик биносида яширин цех ташкил этган.
Тадбир давомида 200 кг ярим тайёр олтин, 200 қопда олтин моддаси бўлган қум ва тошлар, 300 кг кимёвий воситалар, лаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар ашёвий далил сифатида олинган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатлари ва экологияга етказилган зарар 7 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган.
Шу ҳолат юзасидан мазкур фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 196²-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Навбаҳор туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган. Унда маҳаллий МЧЖ раҳбари сохта рухсатнома асосида “Сармишсой” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида 19 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда олтин қазиб олган.
Бу ерда 6 кг ярим тайёр олтин, 430 тоннадан ортиқ олтинли руда, кимёвий воситалар, юк автомобиллари ва махсус техникалар мусодара қилинган. Ушбу ҳолатда давлатга етказилган зарар 6,1 млрд сўмга баҳоланмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан лаборатория таҳлиллари тайинланган бўлиб, атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

