Хитойда янги тенденция кучаймоқда: компаниялар ишдан бўшатилган ходимларнинг сунъий интеллект (СИ) асосида яратилган рақамли нусхаларидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Бу ҳақда Zhihu портали хабар берди. Энди иш берувчилар меҳнат бозоридан янги кадр қидириш ўрнига, ишдан кетган мутахассисларнинг вазифаларини бажара оладиган ИИ-агентларни жорий этмоқда.
Colleague Skill деб номланган тизим муайян ходимнинг иш жараёнига оид маълумотларини таҳлил қилиш асосида шакллантирилади. Рақамли эгизакни ўқитиш учун ишчи ёзишмалар, хабарлар скриншотлари, лойиҳалар ва хизмат ҳужжатларидан фойдаланилади. Натижада СИ-ёрдамчи нафақат мулоқот услубини, балки инсонга хос қарор қабул қилиш мантиғини ҳам такрорлай олади.
Кўплаб ходимлар ишдан бўшашдан олдин улардан иш жараёнлари ва алгоритмларини иложи борича батафсил ёзиб бериш сўралганини таъкидламоқда. Меҳнат муносабатлари тугаганидан кейин эса бу маълумотлар рақамли нусха яратиш учун ишлатилган ва кейинчалик у собиқ ходимнинг вазифаларини бажара бошлаган.
Рақамли эгизаклар бозори жадал суръатларда ривожланмоқда. Бундай ечимларни яратаётган стартаплар капитализацияси аллақачон 2,1 миллиард доллардан ошган. Дастлаб бу каби технологиялар таътил ёки касаллик пайтида ходимларни вақтинча алмаштириш учун таклиф этилган эди. Ҳозир эса қўлланиш доираси кенгайиб, фойдаланувчилар нафақат ўзини, балки раҳбарлари ёки ҳатто қариндошларини ҳам рақамлаштириши мумкин бўлмоқда.
Рақамли эгизакларнинг кенг тарқалиши бир қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Аввало, бу меҳнат муносабатлари тугаганидан кейин шахсий маълумотлардан фойдаланишнинг қанчалик этик (ахлоқий) экани билан боғлиқ. Шунингдек, бундай технологияларнинг оммавий жорий этилиши ишсизликнинг ортишига сабаб бўлиши мумкин, чунки компаниялар одамлар ўрнини уларнинг виртуал нусхалари билан алмаштириш имконига эга бўлади.

