Тошкент шаҳри ва унга туташ Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ҳамда Тошкент туманларида иссиқхона фаолиятига нисбатан янги чекловлар жорий этилди. Унга кўра, ер ва мулк солиғи 10 баробар оширилади, газ таъминоти тўхтатилади, сув ресурслари учун тўловлар эса саноат тарифларидан 5 баробар юқори қилиб белгиланади. Бу эса ушбу ҳудудларда иссиқхона юритишни иқтисодий жиҳатдан самарасиз қилади.
Мавжуд шароитдан келиб чиқиб, иссиқхона эгалари учун фаолиятни бошқа ҳудудларда давом эттириш ёки йўналишни ўзгартириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасида ишлаш имкониятлари ҳам таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, кредит мажбуриятларини узайтириш бўйича енгилликлар назарда тутилган.
Иссиқхоналардан бўшайдиган ер майдонларида боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, шунингдек “яшил боғлар” барпо этиш режалаштирилган. Мазкур ҳудудларда турар-жой бинолари ва бизнес марказлар қурилишига чекловлар жорий этилади.

