Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

ДХХ огоҳлантиради: хориждан шубҳали қўнғироқлар кўпайган. Нима қилиш керак?

14.04.2026 10:22

6

Фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун нотаниш ва шубҳали чет эл рақамларидан бўлаётган қўнғироқларга жавоб бермаслик, уларга қайта қўнғироқ қилмаслик, ушбу рақамларни блоклаш ҳамда шахсий маълумотларингизни бегоналарга ошкор қилмаслик тавсия этилади.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларининг телефон рақамларига хориждан шубҳали қўнғироқлар бўлиши кўп кузатилмоқда. Мазкур ҳолатлар юзасидан мутахассислар томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида қуйидагилар аниқланди.

Хусусан:

  • бундай қўнғироқлар оддий телефон эмас, балки интернет ва махсус дастурлар орқали амалга оширилади. Фирибгарлар ушбу тизимлар ёрдамида ўзларининг ҳақиқий рақамларини яшириб, телефон экранида исталган давлатнинг сохта рақамини кўрсатишлари мумкин;
  • улар қўнғироқни интернет орқали юбориб, рақамни аввалдан сохталаштириб қўйганликлари боис, мобил компаниялар тизимида бу қўнғироқни ким ва қаердан амалга оширганлигини аниқлаш мушкул;
  • бундай рақамлар хусусида махсус базаларда ҳеч қандай маълумот бўлмайди. Бу эса уларнинг аслида СИМ-карта эмаслигини, балки қўнғироқ пайтида сохталаштирилган ва вақтинчалик рақамлар эканлигини англатади.

Шубҳали қўнғироқлар абонентлар учун нимаси билан хавфли?

- бундай хорижий рақамларга қўнғироқ қилиш телефон балансидаги маблағнинг ечиб олинишига сабаб бўлади;

- фирибгарлар ўзларини турли ташкилот ходими сифатида таништириб, шахсий маълумотлар ва банк картаси кодларини билиб олишга уринади;

- гўшакни кўтариш рақамингизнинг “фаол” эканлигини билдиради ва натижада сизга бўладиган фирибгарлик ҳужумлари сони кескин ортади;

- сизнинг овозингиз ёзиб олиниб, кейинчалик сунъий интеллект ёрдамида сохталаштириш орқали яқинларингизни алдаш учун ишлатилиши мумкин.

Фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун нотаниш ва шубҳали чет эл рақамларидан бўлаётган қўнғироқларга жавоб бермаслик, уларга қайта қўнғироқ қилмаслик, ушбу рақамларни блоклаш ҳамда шахсий маълумотларингизни бегоналарга ошкор қилмаслик тавсия этилади.


Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган