Россия Давлат думаси чет элдаги фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда 14 апрель куни хабар берилди.
Ҳужжатга кўра, Россия президенти қарори билан Қуролли кучлардан мамлакат ташқарисида фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш имконияти яратилади. Хусусан, хорижий судлар ёки Россия иштирок этмайдиган халқаро суд органлари қарорлари асосида жиноий таъқибга учраган, ушлаб турилган ёки қамалган фуқароларни ҳимоя қилиш назарда тутилган.
Шунингдек, давлат раҳбари қарорига мувофиқ, бундай ҳолатларда Россия давлат органлари ҳам ўз ваколатлари доирасида фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўради.
Давлат думаси раиси Вячеслав Володиннинг таъкидлашича, “Ғарб адлияси айрим ҳолларда норозиларга нисбатан босим ўтказиш воситасига айланган. Бундай шароитда фуқароларни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш муҳим”.
