Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг 80 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига унинг номи берилади. Бу ҳақда Кўксарой қароргоҳида ўтган тантанали тадбирда маълум қилинди.
Шунингдек, мактабда “Ялла” номидаги болалар ансамбли, ёшлар ижодий лабораторияси ҳамда замонавий овоз ва видео ёзиш студияси ташкил этилади. Эстрада йўналиши бўйича “устоз-шогирд” асосида ижрочилик маҳорати синфлари йўлга қўйилади.
Президент қарорига мувофиқ, ушбу мактабда дарс берадиган устозларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида қўшимча ҳақ тўланади. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб эса ҳар бир ҳудуддан 3 нафардан энг иқтидорли ўқувчи саралаб олиниб, таътил пайтида ушбу мактабдаги бепул махсус курсларда ўқитилади.
Тадбир якунида Президент Шавкат Мирзиёев миллий санъат ва маданиятни ривожлантиришдаги кўп йиллик хизматлари учун Фаррух Зокировга “Буюк хизматлари учун” орденини топширди.

