Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фарғона вилоятида 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохонани лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, жиҳозлаш ва узоқ муддатли техник хизмат кўрсатиш бўйича уч томонлама битим имзолади.
Уч томонлама тузилган ушбу битим Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, “Vision International Investment Company” президенти ва бош ижрочи директори Омар Ал-Мидани, “КОС Сonstruction Mekanik Elektrik Fe LLC” компанияси бош директори Субутай Гюзел томонидан имзоланган.
Лойиҳанинг умумий инвестициявий қиймати қарийб 300 миллион АҚШ долларини, қурилиш муддати эса 36 ойни ташкил этади. Янги тиббиёт мажмуаси Фарғона вилоятидаги бешта мавжуд ихтисослаштирилган муассасани ягона комплексга бирлаштиради.
Минтақа ва унга туташ вилоятлар аҳолисига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, органлар трансплантацияси, нефрология ҳамда ортопедия йўналишларида учинчи даражали юқори технологик тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратади.
Шунингдек, мажмуа таркибида 160 ўринли интенсив терапия ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ҳамда барча ёрдамчи клиник хизматлар бўлиши кўзда тутилган.

