Ўзбекистонда стейблкоинлар ва блокчейн асосидаги тўлов ечимларини синовдан ўтказиш учун махсус ҳуқуқий режим — “сандбох” ишга туширилади. Тегишли низом Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банк томонидан тасдиқланган.
Янги тизим барқарор токенларни чиқариш ва улардан ҳисоб-китобларда фойдаланиш учун шароит яратиш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инновацион тўлов хизматларини ривожлантиришга қаратилган.
“Sandbox” доирасида миллий ёки хорижий валюта билан таъминланган стейблкоинларни чиқариш, шунингдек, улар орқали мамлакат ичида ва ташқарисида тўловларни амалга оширишга рухсат берилади. Бунда токенлар Марказий банкдаги алоҳида ҳисобда сақланадиган маблағлар билан тўлиқ таъминланган бўлиши шарт.
Бошқа криптоактивлардан таъминот сифатида фойдаланиш тақиқланади, шунингдек аноним ва алгоритмик стейблкоинларни чиқаришга ҳам йўл қўйилмайди.
Лойиҳа иштирокчилари киберхавфсизлик тизимларини жорий этиши ва инфратузилманинг барқарор ишлашини таъминлаши лозим. Иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан амалга оширилади, асосий параметрлар эса Марказий банк билан келишилади ва иштирокчилар реестри очиқ эълон қилинади.
Синов режими 12 ойга мўлжалланган бўлиб, зарурат туғилганда уни узайтириш мумкин, аммо умумий муддати уч йилдан ошмайди. Регуляторлар ушбу лойиҳа молиявий хатарларни камайтирган ҳолда стейблкоинлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланишни амалий синовдан ўтказиш имконини беришини таъкидлади.

