9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 млн сўмдан бир марталик пул мукофоти берилади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, резерв ва захирадаги офицерлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда байрамга тайёргарлик юзасидан ахборот берилиши чоғида маълум қилинди.
Шу билан бирга, мамлакатда ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор муҳим таклифлар ҳам илгари сурилди. Жумладан, Мудофаа вазирлиги офицерларига хизмат йиллари учун тўланадиган ойлик устама миқдори икки бараварга оширилади. Шунингдек, контракт асосида хизмат қилаётган аскар ва сержантларнинг ойлик таъминоти 10 фоизга кўпайтирилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, замонавий жанговар ҳаракатлар таҳлилидан келиб чиқиб, қўшинларда янги усул ва шакллар жорий этилмоқда. Бўлинмаларнинг мобиллиги, мустақил қарор қабул қилиш қобилияти ва жанговар имкониятларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, резерв ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизими ҳам кенгайтирилиб, сунъий интеллект, дрон ва робототехника каби замонавий йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Президент томонидан мазкур таклифлар қўллаб-қувватланиб, улар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек, ҳарбий хизмат нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

