Ҳукуматнинг 2026 йил 16 апрелдаги 177-сон қарори билан “Янги Ўзбекистон” университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори ёки директори лавозимига номзодларни тайёрлашга қаратилган “Ректорлар мактаби” дастурини жорий этиш белгиланди.
Қарорга кўра, дастур 2026 йил 1 июлдан йўлга қўйилади ва давлат олий таълим муассасалари раҳбарлигига номзодлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Дастурга очиқ танлов асосида:
- 30 ёшга тўлган;
- камида магистр даражасига эга;
- олий таълим соҳасида камида 5 йил иш тажрибаси, шу жумладан 2 йил раҳбарлик тажрибасига эга шахслар қабул қилинади.
Тингловчиларга академик, молиявий, илмий ва инновацион бошқарув, сунъий интеллект ва рақамлаштириш, стратегик бошқарув ва трансформация йўналишларида билим ва кўникмалар берилади.
Ўқув жараёни онлайн ва оффлайн шаклда, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда 6 ойгача давом этади. Дастурга ҳар йили 80 нафар тингловчи қабул қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, дастур якунида энг яхши натижа кўрсатган 40 нафаргача тингловчи Гарвард университети ва бошқа нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига малака оширишга юборилади.

