Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази 2026 йилнинг биринчи чорагида фармацевтика соҳасида қатор қонунбузарликлар аниқланганини маълум қилди. Текширувлар натижасида тегишли лицензиясиз фаолият юритган 25 та дорихона жавобгарликка тортилган.
Назорат тадбирлари фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси ҳамда фармацевтика инспекцияси томонидан ўтказилган.
Энг кўп қонунбузарлик Самарқанд вилоятида қайд этилган — бу ерда 12 та дорихона лицензиясиз ишлагани аниқланган. Андижон вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 2 та шундай ҳолат аниқланган.
Хоразм, Сурхондарё, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро, Тошкент ва Навоий вилоятларида эса якка тартибдаги ҳолатлар қайд этилган.
Ушбу қоидабузарликларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилгани маълум қилинган. Мутасадди идора фармацевтика бозоридаги барча иштирокчилар учун лицензия талабларига риоя қилиш мажбурий эканини таъкидлаб, фуқароларни дори воситаларини харид қилишда эътиборли бўлишга ва қонунбузарликлар ҳақида хабар беришга чақирган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, лицензиясиз ёки сохта ҳужжатлар асосида фаолият юритиш юридик шахсларга нисбатан 300 базавий ҳисоблаш миқдоригача — 123 миллион сўмдан ортиқ жарима қўлланишига сабаб бўлади.

