Яқин Шарқдаги уруш бутун дунё иқтисодиёти қатори Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов “Uzreport TV” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Урушнинг нархларга таъсири
Тимур Ишметов Яқин Шарқдаги можаро бутун дунё иқтисодиётига таъсир қиладиган даражага етганини таъкидлади. Унинг айтишича, геосиёсий зиддият биринчи навбатда нефть нархи ошиши орқали глобал инфляция ўсишига олиб келади. Ўз навбатида транспортлар қатнови қийинлашгани сари нархларга қўшимча босим кучаяди.
“Можаронинг Ўзбекистонга тўғридан тўғри таъсири камроқ. Лекин барибир албатта таъсири бор. Бу йўналишда давлат раҳбари бошчилигида бир қатор чоралар кўрилиши бошланди. Президент қарори билан транспорт нархлари ошиши айрим озиқ-овқат маҳсулотларига салбий таъсир қилмаслиги учун импорт қилишда транспортларга субсидия эълон қилинди”, деди регулятор раҳбари.
“Валюта курси барқарорлиги муҳим”
Тимур Ишметов ҳозир Марказий банкнинг асосий вазифаси хатарни тўғри тушуниш эканига урғу берди. Можаро узоқ давом этиши давлат иқтисодиётига қай даражада, қайси каналлар орқали таъсир қилишини тушуниб олиб, шунга яраша сиёсат юритиш зарурлигини таъкидлади.
“Марказий банк бўйнида, албатта, нарх барқарорлиги турибди. Лекин шу билан бирга, молиявий барқарорлик, яъни банк тизими барқарорлигига ҳам эътибор қаратиш тавсия этиляпти. Нега деганда, кўп бизнесларда экспорт-импорт операцияларида муаммо пайдо бўлиши мумкин. Уларнинг банклар олдидаги кредитлари бўлса, қарзга хизмат кўрсатишга ҳам салбий таъсир қилиш эҳтимоли бор”, деди у
Геосиёсий кескинлик фонида жаҳонда валюта оқими ҳам ўзгариши мумкин. Бунда маълум давлатларга валюта оқими камайиши валюта айирбошлаш курсига ҳам таъсир қилиш эҳтимоли юқори. Тимур Ишметов бундай вазиятда нафақат инфляция, балки бутун банк тизими барқарорлигига эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозимлигини билдирди.
“Ҳозир бизда инфляциядан ҳам кўра асосий бўлган масала валюта айирбошлаш курси эркинлигини сақлаб туришдан иборат. Ўтган йили алмашув курсининг тебраниши анча кенгайгани ҳисобига миллий валюта қадри ошган. Бу жуда ҳам муҳим масала ҳисобланади. Айрибошлаш курси эркинлиги ўз навбатида инфляцияга салбий шоклар таъсирини юмшатишга ёрдам беради”, деди у.
Инфляция 6,5 фоизгача пасайиши мумкин
Тимур Ишметов Яқин Шарқдаги можаронинг инфляцияга таъсирини эҳтиёткорлик билан мониторинг қилиб бориш зарурлигини айтди. Гарчи урушнинг глобал нархларга салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли бўлса-да, Ўзбекистонда инфляция пасайиши прогноз қилинмоқда.
“Бу йил инфляцияни 6,5 фоизгача туширишни мўлжаллаганмиз. Асосий ставкани ошириш ҳақида гапиришга эса ҳали эрта. Менимча, бизда монетар сиёсат қатъийлик даражаси анча юқори ва бу етарли деб ҳисоблайман. Биз инфляция билан иқтисодий ўсиш орасидаги балансни сақлаб туришни ўйлашимиз керак. Барибир барча масалаларга ижобий таъсир кўрсатадиган кўрсаткич иқтисодий ўсиш ҳисобланади”, деди Марказий банк раиси.
Тимур Ишметов интервьюда банкларда риск менежментини яхшилаш чоралари кўрилишига ҳам алоҳида урғу берган. Бунда кредитларни сифатли кредиторларга ажратиш жуда ҳам муҳимлигини таъкидлаган.
