Тошкент шаҳрида автотураргоҳларни шаҳар бошқарувининг ягона тизимига интеграция қилиш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширила бошланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, лойиҳа пиёдалар учун қулайлик ва хавфсизликни ошириш, шунингдек, автотранспортдан холи ҳудудларга устуворлик бериш мақсадида йўлга қўйилган.
Қайд этилишича, одамлар гавжум жойлар атрофидаги тартибсиз автотураргоҳлар асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Автомобиллар пиёдалар йўлакларида, ўтиш жойлари ва биноларга кириш қисмида қолдирилиши оқибатида ҳаракатланиш қийинлашмоқда, кўриш чекланмоқда ва хавфсизлик даражаси пасаймоқда.
Лойиҳа доирасида савдо ва сервис объектлари яқинидаги хусусий ерусти автотураргоҳлари ягона шаҳар бошқарув тизимига уланади. Бу орқали тўхташ жойларининг ҳисобини юритиш, уларнинг бандлигини назорат қилиш ва фойдаланиш тартибини тизимлаштириш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан ягона қоидалар жорий этилиб, автотураргоҳ майдонларини ташкил этишдаги бетартибликни камайтириш режалаштирилган.
Ҳокимликка кўра, лойиҳа ҳозирча тажриба тариқасида амалга оширилмоқда. Кейинчалик унинг самарадорлиги баҳоланиб, жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида қамровини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилади.
Шунингдек, лойиҳа амалга оширилаётган туманларда йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча даромад манбасини шакллантириш ҳам назарда тутилган.

