Президентнинг 2026 йил 25 мартдаги ПҚ–108-сон қарорига мувофиқ, аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.
Ҳужжатга кўра, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида “Surxon-Agro” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу ҳудудда иш юритадиган иссиқхона хўжаликларига қатор имтиёз ва преференциялар берилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 162-сон қарори билан Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғилардан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмаслиги белгиланган.
Унга кўра, 2026 йил 1 августдан иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади. Шунингдек, иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар энг юқори тарифнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади.
Қарорда 2026 йил 1 августдан бошлаб иссиқхоналарда ёқилғи сифатида кўмир, шиналар, битум ва шунга ўхшаш материалларни ёқиш натижасида атроф-муҳит ифлослантирилгани ҳамда чиқиндилар жойлаштирилгани учун компенсация тўловлари 20 бараварга оширилган ҳолда қўлланиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига берилган экологик экспертиза хулосаси қайта кўриб чиқилиши ҳам белгиланган.
Айни пайтда Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси инспекторлари томонидан Тошкент шаҳрига туташ ҳудудларда жойлашган иссиқхоналарнинг масъул ходимлари билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳозирга қадар 1 638 та иссиқхона масъулларига огоҳлантириш берилган.

