Ўзбекистонда совуқ қуролни ёки шундай мақсадда фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
Янги тартибга кўра, агар бундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, шахсга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (2,06 млн сўмдан 4,12 млн сўмгача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади. Шунингдек, ҳуқуқбузарликда қўлланган буюмлар мусодара қилинади.
Шунингдек, совуқ қуролни жамоат жойларида очиқ ҳолда олиб юриш учун жарима мавжуд бўлиб, агар бу ҳолат қонуний мақсадларда (спорт, касбий ёки маиший эҳтиёжлар учун) содир этилса, БҲМнинг 0,5–1 баравари миқдорида жарима қўлланади.
Бундай ашёлар ўзини ҳимоя қилиш ёки бошқа ноқонуний мақсадларда олиб юрилганда эса жарима БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача белгиланади ва буюмлар мусодара қилиниши мумкин.
Шу билан бирга, Қурол тўғрисидаги қонунга ҳам ўзгартиш киритилди. Эндиликда болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга қурол сотиб олиш учун рухсатнома берилмайди.
Агар бундай шахсларда қурол мавжуд бўлса, ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери амал қилган даврда уларнинг қурол ва ўқ-дорилари олиб қўйилади.

