Украинанинг “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) давлат лойиҳаси Россия армияси сафида хизмат қилаётган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳақида маълумотларни эълон қилди. Бу ҳақда лойиҳа вакиллари “Украина—Марказий Осиё” ташаббусининг сўровига жавобан маълум қилди.
2026 йил ҳолатига кўра, лойиҳа ихтиёрида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган 12 666 нафар марказий осиёликка оид шахсий маълумотлар мавжуд. Уларнинг айримлари урушда иштирок этган бўлса, бошқалари ҳозирда ҳам жанг ҳаракатларида қатнашмоқда.
Маълумотларга кўра, ёлланма аскарлар сони мамлакатлар кесимида қуйидагича тақсимланган:
— Ўзбекистон — 4 853 нафар
— Тожикистон — 3 407 нафар
— Қозоғистон — 2 389 нафар
— Қирғизистон — 1 439 нафар
— Туркманистон — 578 нафар
Қайд этилишича, 2025 йил баҳор ва ёз ойларида мазкур лойиҳа 5 740 нафарга оид рўйхатни эълон қилган эди. Ҳозирги вақтга келиб эса аниқланган шахслар сони икки баравардан кўпроққа ошган.
Лойиҳа вакиллари барча маълумотлар шахсан тасдиқланганини таъкидлади.

