Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини 2026–2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган қарорига кўра, бир қатор янги ташаббуслар йўлга қўйилади.
Хусусан, 2026 йилдан бошлаб ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Илғор ижодкор” Президент мукофоти жорий этилади. Мукофот шеърият, драматургия ва болалар адабиёти йўналишларида энг яхши асар муаллифларига берилади. Ҳар бир йўналиш ғолиби БҲМнинг 200 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, 2027 йилдан ҳар икки йилда бир марта 12 август — Халқаро ёшлар куни арафасида “Авлодлар мулоқоти” халқаро ёшлар конгресси ўтказилиши белгиланди.
2026 йилдан эса ҳар йили сентябрь ойида “Ёшлик – ҳаётнинг бахтли ва олтин даври” шиори остида умуммиллий ёшлар фестивали ташкил этилади.
Қарорга кўра, ҳудудларда ёшлар учун мўлжалланган инфратузилма объектлари — таълим, спорт, маданият ва дам олиш масканларини ўз ичига олган минимал стандартлар жорий этилади.
2026–2027 йилларда ҳар бир ҳудудда туризм, гастрономия ва савдо-сервис йўналишидаги махсус кўчалар ташкил этилиб, уларда кутубхона, “book cafe” ва китоб дўконлари жойлаштирилади. Бундан ташқари, китоб сотувини оширган тадбиркорлар учун 1 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳам кўзда тутилган.

