Март ойида Ўзбекистонда уй-жой олди-сотди битимлари сони 43,6 мингтага етиб, февралга нисбатан 47 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда эса бозор ҳажми икки баравар кенгайган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Мутахассисларга кўра, бозордаги кескин фаоллик қисман апрель ойидан жорий этилган янги ҳисоб-китоб тартиби билан боғлиқ. Ушбу ўзгариш айрим харидорларни уй-жой харидини олдинроқ амалга оширишга ундаган бўлиши мумкин.
Ҳудудлар кесимида ҳам ўсиш кузатилган. Энг юқори кўрсаткичлар Сирдарё (64,6 фоиз), Жиззах (73,2 фоиз) ва Наманган (63 фоиз) вилоятларида қайд этилган. Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент вилояти ва пойтахтда ҳам савдо ҳажми 40–50 фоиз атрофида ошган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари сегментларга қараб турлича ўзгарган. Иккиламчи бозорда ўсиш нисбатан секинлашган бўлса-да, янги уйлар нархи анча тез кўтарилган. Йиллик ҳисобда иккиламчи бозорда квадрат метр нархи ўртача 5 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Миробод (7,3 фоиз), Мирзо Улуғбек (7,2 фоиз) ва Чилонзор (6,9 фоиз) туманларида кузатилган.
Янги уй-жойлар бозорида эса нархлар янада жадал ошган — ўтган йилнинг мартига нисбатан ўртача 8,8 фоиз. Энг юқори кўрсаткичлар Мирзо Улуғбек (15,5 фоиз), Миробод (14,9 фоиз) ва Юнусобод (14,6 фоиз) туманларида қайд этилган.
Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида ҳам нархлар ўсишда давом этмоқда. Март ойида улар ойлик ҳисобда 0,4 фоизга ошган, йиллик ўсиш эса ўртача 10 фоизни ташкил этган. Энг катта нарх ўсиши Сирдарё (22 фоиз), Самарқанд (18,7 фоиз) ва Андижон (17,6 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

_01.jpg)