Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

АҚШда федерал қатл жазоси отиб ўлдириш орқали қайта тикланмоқда

25.04.2026 20:22

8

АҚШ Адлия вазирлиги ўлим жазосини қўллашни кучайтириш бўйича янги чораларни эълон қилди. Улар орасида отиб ўлдириш орқали қатл этиш ҳамда “ўлим жазоси ишларини кўриб чиқишни тезлаштириш учун ички жараёнларни мақбуллаштириш” ҳам бор.

АҚШда Жо Байден президентлиги даврида жорий этилган федерал қатлларга мораторий бекор қилинмоқда. Бу ҳақда 24 апрель, жума куни АҚШ Адлия вазирлиги сайтида эълон қилинган пресс-релизда маълум қилинди.

“Бугун Адлия вазирлиги қонуний ўлим ҳукмларини талаб қилиш, қабул қилиш ва ижро этиш бўйича ўз мажбуриятини тиклаш чораларини кўрди. Бу ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар апелляция қилишнинг барча имкониятларидан фойдаланиб бўлганидан кейин қатлларни амалга оширишга йўл очади”, — дейилади хабарда.

Вазирлик маълумотига кўра, қабул қилинган чоралар қаторида Дональд Трампнинг биринчи президентлик муддатида қўлланган ўлим инъекцияси протоколини қайта жорий этиш, қатл усуллари қаторига отиб ўлдириш каби қўшимча усулларни киритиш, шунингдек, ўлим жазоси бўйича ишларни кўриб чиқишни тезлаштириш учун ички жараёнларни мақбуллаштириш бор.

Адлия вазирлиги бундай қадамлар “энг шафқатсиз жиноятларни тийиб туришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга” бўлишини таъкидлади.

АҚШ бош прокурори вазифасини бажарувчи, Адлия вазирлиги раҳбари Тодд Бланш Байден маъмуриятини олий жазо чорасидан воз кечгани сабаб “Америка халқини ҳимоя қилиш бўйича бурчини бажармаслик”да айблади.

“Президент Трамп раҳбарлигида Адлия вазирлиги яна қонун ижросини таъминламоқда ва жабрланувчиларни қўллаб-қувватламоқда”, — деди у.

2025 йил январда Дональд Трамп федерал даражада ўлим жазосини қайта тиклаш тўғрисида фармон имзолаган ва бош прокурорга барча штатларни ўлим инъекциялари учун етарли миқдорда препарат дозалари билан таъминлашни топширган эди.

Бунгача ўлим ҳукмларини ижро этишга мораторий 2021 йилда бош прокурор Меррик Гарланд томонидан жорий этилган.

2025 йил 7 март куни АҚШда 15 йил ичида биринчи марта отиб ўлдириш орқали ўлим ҳукми ижро этилди.

Қатлга ҳукм қилинган Брэд Кит Сигмон 2001 йилда собиқ севгилисининг ота-онаси — Дэвид ва Глэдис Ларкни бейсбол битаси билан ўлдирган.

Унинг адвокатларига кўра, эркак ўзи қатл усули сифатида отиб ўлдиришни танлаган, электр стули ёки ўлим инъекциясидан воз кечган. Ҳукм ижро этилган пайтда Сигмон 67 ёшда бўлган.

Associated Press маълумотига кўра, уни қатл хонасига олиб кириб, креслога ўтказишган. Отган шахслар девордаги тешиклар орқали ўқ узган, шу сабабли уларни на маҳкум, на гувоҳлар кўрган.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган