Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Олимлар инсонлар ҳеч нарсани ўйламаган пайтида мияда нима содир бўлишини кузатишди

26.04.2026 20:52

13

Тадқиқотчилар 80 та илмий ишни, шу жумладан, ўз тажрибаларини ҳам таҳлил қилиб, одамлар "ҳеч нарса ҳақида ўйламасдан" турган пайтларида мия фаолияти қандай бўлишини ўрганишди.

Баъзан одам ўзининг ҳеч нарса ҳақида ўйламай қолаётганини ҳис қилади. Бир лаҳзада ғоялар ва фикрлар гўё йўқолиб кетади. Франция, Австралия ва Бельгия олимлари бу ҳолатни ўрганиб, унинг сабабларини аниқлашди. Тадқиқот натижалари Trends in Cognitive Sciences журналида чоп этилди.

Тадқиқотчилар 80 та илмий ишни, шу жумладан, ўз тажрибаларини ҳам таҳлил қилиб, одамлар "ҳеч нарса ҳақида ўйламасдан" турган пайтларида мия фаолияти қандай бўлишини ўрганишди.

— Биз "бўш ақл" (blank mind) феноменини чуқурроқ ўрганишни истадик, — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Афина Демерци. — Бу орқали онг ва инсоннинг ички тажрибаларини яхшироқ англаш мумкин.

Маълум бўлишича, инсон вақтининг тахминан 5–20 фоизини ҳеч нарса ҳақида ўйламасдан ўтказади. Аммо бу ҳолат ҳар кимда ҳар хил намоён бўлади. Масалан, диққат етишмовчилиги ва гиперфаоллик синдроми (СДВГ) бўлганлар бу ҳолатни бошқаларга қараганда кўпроқ ҳис қилишади.

Олимлар "ҳеч нарса ҳақида ўйламаслик" ва "хаёлга берилиш" ҳолатлари ўртасида фарқ борлигини ҳам аниқлашди. Мия кўпинча зўриқиб фикр юритгандан кейин — масалан, имтиҳондан сўнг, чарчоқ ёки жисмоний машқлардан кейин "ўчиб қолади". Бу табиий ҳолат бўлиб, айрим руҳий ва неврологик ҳолатлар: хавотир, мия жароҳатлари ёки Клейне-Левин синдроми (бунда инсон кунига 20 соатгача ухлаши мумкин) билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Текширувларда электроэнцефалография (ЭЭГ) ва функционал магнит-резонанс томографияси (ФМРТ) каби ускуналар қўлланилди. Аниқланишича, "бўш ҳолат"да ҳам мия фаолияти тўхтамайди: ЭЭГда уйқу ҳолатига хос суст тўлқинлар қайд этилган ва юрак уриш тезлиги камайган. ФМРТ натижалари эса гиппокамп ва Брока зонаси фаолияти пасайишини кўрсатган.

— Бу миянинг тўлиқ ўчиши эмас, — дея таъкидлайди Афина Демерци. — Бу жараён ҳали тўлиқ ўрганилмаган.

Олимларнинг фикрича, "бўш ақл" ҳолати мия фаоллигининг кескин ошиши ёки пасайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳар бир инсон бу ҳолатни турлича ҳис қилгани боис, уни ягона ҳолат деб эмас, балки турли ҳолатлар спектри сифатида кўриш мақсадга мувофиқ.

— "Бўш ақл" ҳам фикрлаш жараёни каби шахсий ва индивидуал тажрибадир, — дейди тадқиқотчи Дженнифер Виндт.

Олимларнинг умид қилишича, бу тадқиқот мия фаолиятини тушунишда янги йўналишларни очиб беради.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган