Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲда икки киши ҳалок бўлиб, 4 киши жароҳатланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
26 апрель куни соат 23:10 ларда, А-373 автомобил йўлининг 93-километрида Ҳоwо русумли юк машинаси ҳайдовчиси (1995-йилда туғилган) Р.Н. ҳаракат вақтида бошқарувини йўқотиб, шу йўналишдаги 4 та транспорт воситалари билан тўқнашиб кетган.
Ҳодиса оқибатида Cobalt русумли машинада бўлган икки нафар фуқаро — ҳайдовчи ҳамда йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолган транспорт воситаларида бўлган 4 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб Ҳоwо юк машинаси ҳайдовчиси процессуал тартибда ушланган. У ҳодисада тан жароҳати олмаган.

