Қонунчилик палатасида 28 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда кибержиноятларга қарши курашни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат билан банк карталари, электрон ва крипто-ҳамёнлар ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи маълумотларни бошқа шахсларга ноқонуний берганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонунчилик палатаси маълумотига кўра, мажлисда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унда кибержиноятларга қарши курашда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, Ички ишлар вазирлиги мазкур йўналишдаги ваколатли орган сифатида белгиланмоқда. Шу билан бирга, давлат органлари, банклар, тўлов ташкилотлари ва интернет-провайдерларнинг масъулияти ҳам оширилмоқда.
Хусусан, уларга ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шубҳали молиявий операцияларни мунтазам мониторинг қилиш ҳамда ваколатли органларга тезкор ахборот тақдим этиш мажбурияти юкланмоқда. Шунингдек, кибержиноятлардан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш институти ҳам жорий этилмоқда.
Ҳужжатга кўра, кибержиноятлардан жабрланганларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, уларнинг қонуний манфаатларини тиклаш, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек молиявий ва рақамли саводхонлигини ошириш бўйича янги механизмлар яратилади.
Қонун лойиҳасида кибержиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган янги механизмлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, шубҳали транзаксияларни мониторинг қилиш орқали уларни тезкор тўхтатиш, салбий омилларни бартараф этиш бўйича тақдимномалар киритиш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳада банк карталари, электрон ва крипто-ҳамёнлар билан бир қаторда SIM-карталар, шахсий аккаунтлар ва идентификация воситаларини бошқа шахсларга ноқонуний бериш ёки улардан фойдаланиш ҳолатлари учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Банк ва тўлов ташкилотларида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани оқибатида юзага келган зарарни банклар ва тўлов ташкилотлари қоплаш механизми ҳам жорий этилмоқда.
Шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда. Тергов органларига банк маълумотларини тақдим этишнинг аниқ муддатларини белгилаш ва бу талабларни бузганлик учун жавобгарликни қатъийлаштириш ҳам таклиф этилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг айрим нормаларини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб, бир қатор таклиф ва мулоҳазаларни билдирди. Муҳокамалар якунида ҳужжат концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.

.webp)