Фарғона вилояти Бешариқ туманида кучли ёмғир оқибатида 90 дан ортиқ уй томорқасига сув кирган. Фавқулодда хизматлар ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.
Маълум қилинишича, ҳодиса 1 май куни соат 21:41 да “112” тизими орқали келиб тушган. Кучли ёғингарчилик туфайли туманнинг “Ворух Дашт” ва “Янгиқўрғон” маҳаллаларидаги айрим кўчаларда сув тошиб, аҳоли хонадонларига кирган.
Воқеа жойига зудлик билан Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят ва туман ҳокимлиги ҳамда тегишли хизматлар етиб бориб, вазиятни назоратга олган. Ҳозирда сувни чиқариш ва оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
Расмийларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Мутасаддилар вазият қисқа вақт ичида тўлиқ бартараф этилишини билдирмоқда.

