АҚШда 57 ёшли аёл ўзининг 4 ёшли набираси ўлимига сабабчи бўлганликда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, фожиа оиланинг уйида содир бўлган.
Маълум қилинишича, аёл бола ошхонада қолдирилган спиртли ичимлик шишасини олгани учун уни “жазолаш” мақсадида қарийб 750 миллилитр ҳажмли, 40 фоизли вискини мажбуран ичирган. Оқибатда қизча ҳушидан кетган.
Ҳодиса вақтида уйда боланинг онаси ҳам бўлган, аммо тергов талқинига кўра, у вазиятга аралашмаган ва болани ҳимоя қилишга уринмаган. Шу сабаб унга нисбатан ҳам айблов қўйилган.
Воқеа тез тиббий ёрдам чақирилгандан сўнг маълум бўлган. Шифокорлар етиб келганида, бола ҳушсиз ҳолатда эди. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, боланинг қонидаги алкоголь миқдори 0,680 промиллени ташкил этган — бу ҳатто катталар учун ҳам ўта хавфли кўрсаткич ҳисобланади.
Прокурорнинг билдиришича, гумонланувчи аёл аввал ҳам набирасига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган ва уни бошқа болалардан ажратган ҳолда камситган. Терговда оилада мунтазам зўравонлик ҳолатлари бўлган бўлиши мумкинлиги ҳам кўриб чиқилмоқда.
Ҳимоя томони эса ушбу ҳолатни бахтсиз ҳодиса сифатида баҳолашни сўрамоқда. Адвокатларнинг айтишича, аёл шифокорлар келгунча болага ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган.
Ҳозирда ҳар икки гумонланувчи ҳибсда сақланмоқда. Бувига нисбатан ҳукм кейинроқ эълон қилиниши кутилмоқда, онага оид иш бўйича суд жараёни эса ҳали бошланмаган.

