Тошкент шаҳрида пиёдалар инфратузилмаси, сайр қилиш ҳудудлари ва жамоат жойларини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар давом этмоқда. Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳа Тошкентнинг “Бродвейи” ва “Сайилгоҳ” кўчаларидаги ҳудудларни комплекс ривожлантиришни кўзда тутмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар бермоқда.
Тошкентнинг энг таниқли сайргоҳларидан бири бўлган Бродвей кўчаси ва унга туташ хиёбон, яшил майдонлар ҳамда пиёдалар йўлаклари янгиланади. Жорий ҳолат таҳлилига кўра, ушбу ҳудудни модернизация қилиш, хавфсизликни ошириш ва шаҳар эстетикасига мос муҳит яратиш зарурати юзага келган.
Лойиҳанинг асосий мақсади — жамоат жойларининг эстетик ва экологик шароитларини яхшилаш, сайр қилиш ҳудудларини қулай ва хавфсиз қилиш, шунингдек, бу ердаги жонли муҳитни сақлаб қолишдан иборат. Лойиҳани амалга оширишда аҳоли ва мутахассислар таклифлари ҳам инобатга олинади.
Асосий ўзгаришлар:
Йўл ва пиёдалар йўлаклари қопламасини янгилаш
Пиёдалар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш
Бродвей ва хиёбон ҳудудларида ободонлаштириш ишлари
Ёритиш тизимини модернизация қилиш, янги кўчатлар экиш ва фаввораларни реконструкция қилиш
Савдо фаолиятини мувофиқлаштириш ва кичик меъморий шаклларни модернизация қилиш
Бундан ташқари, ҳудуддаги мавжуд дарахтлар кўрикдан ўтказилмоқда ва янги кўчатлар экиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа Тошкент шаҳрининг гўзаллиги ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

