Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китобини ўқиб...
Китобни илк бор қўлга олганингизда бу география бўйича билимлар жамланмаси, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо ундай эмас, китобда ёзганларини ўқиган закий ўқувчи – дунёни кўнгил кўзи билан кўради, олам билан танишади. Шу боис саҳифаларда фақат давлатларни эмас – одамзодни кўрасиз. Дунё бегона эмас – дунё гўзал ва ранг-баранг. Дунё қўрқинчли эмас – дунё ҳайратга тўла эканлигини англайсиз. Бу эса инсоннинг камолотга етишишида жуда муҳим.
Аввал китоб дўконларига кириб қайси мезонлар бўйича китоб олар эдим сарҳисоб қилмайман, ҳар ҳолда ёмонини олмасдим. Охирги йилларда ўзимга қўйган ягона талабим, “Болаларимга тўғри келадими?”, деб ўқиб кўриб олишга одатланганман. Чунки болалар зукко китобхонлардир. Унинг устига бугуннинг болаларини алдаб бўлмайди, шунинг учун уларга эртакдан фарқли ўлароқ, дунёнинг табиий мўъжизаларидан, табиий гўзалликларидан сўзлаб бераман.
Ҳар бир китобнинг ўз нафаси, ўз руҳи бўлади. Уларни варақлаганингизда сизга оддий матн эмас, муаллифнинг бутун дунёқараши, қалби кўзгудек намоён бўлади. Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, “Қанот” лойиҳаси асосчиси Л. Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби ҳам шундай дурдона асарлардан бири десак муболаға бўлмайди.
Бу энциклопедик нашр дунёдаги деярли барча мамлакатларнинг табиати, дини, аҳолиси, сиёсий тузилиши, тарихи, иқтисодиёти, ташқи сиёсати, энг муҳими, Ўзбекистон билан муносабатларига оид қимматли маълумотларни ўз ичига олади.
Мамлакатлар ҳақида ёзилган сатрлар муаллифнинг синчков нигоҳи, илмий ёндашуви ва кенг дунёқарашидан дарак беради. Китобни ўқир эканмиз, худди олам сари саёҳат қилаётгандек бўламиз – бир мамлакатдан бошқасига, бир маданиятдан бошқасига осон ва мароқли тарзда ўтиб бораётганингизни сезмай қоласиз.
Китоб муаллифнинг ўзига ўхшайди, бунда ҳам муаллиф қалби китоб саҳифаларида намоён бўлиб, бутун бир сайёра, бутун бир борлиқ нафас олади. Ҳар бир саҳифаси гўё атлас харита. Дунёнинг энг олис жазирама Саҳройи кабир қумли елканлари, Греландиянинг абадий музликлари, Жанубий Американинг тропик ўрмонларидаги қушларнинг югурик сайраги – буларнинг бари матн остига сиғиб, ўқувчини ўзига тортади. Мамлакатлар ўзига хос руҳ билан тасвирланган. Шунинг учундир эҳтимол мутолаа жараёнида, тасвир, ранг, оҳанг ва нафас сифатида руҳингизга сингади.
Ҳаммасидан ҳам “Ўзбекистон” саҳифасига келганимда бошқача ғурур ва ифтихор туйдим. Нега деганда, ўз юртини бошқа мамлакатлар сингари тасвирламайди. У бу бўлимда фактларни жамламайди – у бу ерда муаллиф ўзини ёзади, ўз илдизларини, ўз юрагидаги рангларни ёзади. Ёзгандаям ҳамма давлатдан кенгроқ ҳажмда, кўпроқ меҳр билан ёзади.
Шунинг учун унинг она Ватанга, ота тупроққа бағишланган саҳифалари янада жонлироқ, янада ҳароратлироқ, тирик вужудга айланади. Мен муаллифга юзланиб, юртимизни ўзгача меҳр билан ёзганини айтсам, “Ўзбекистон дунё ичра дунёмдир менинг”, дейди.
Дарҳақиқат, Ватан ўхшаши йўқ макон, ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган муқаддас туйғу. У бу саҳифаларда Ўзбекистонни бошқаларга таништирибгина қолмайди; у ўқувчини унга ошно қилади: унинг ҳидига, унинг шамолига, унинг осмонига, унинг олижаноб ва танти одамларига яқинлаштиради.
Агар китобни дунёнинг бошқа бурчагида ўқиётган бўлсангиз, Ўзбекистонга қайтиб келгандек бўласиз. Бошқа миллат вакиллари ҳам тарихи бой, жонажон Ўзбекистонни қаттиқ севиб қолади.
Бу муҳаббат – муаллифнинг томир-томиридан оқиб келган. Ўша томирда боболар дуоси, оналар алласи, қишлоқнинг файзли кўчалари, чанг кўтарган ўйинлар, мактаб йўлидаги сирли тонглар бор. Шу боис Ўзбекистон ҳақидаги ҳар бир тасвир бошқаларникидан ҳам ёрқинроқ, жонлироқ, юракка яқинроқ, фактларга бойроқ оҳанглар аксланади.
Бу тўплам дунёни тушуниш, уни бутун борлиғи билан англашга қаратилган маънавий майдондир. Табиийки, ҳар бир халқнинг ўз нафаси, маданиятнинг ўз оҳанги бор, ҳар бир давлатнинг ўз руҳи бор. Аввало ўз юртини севган инсонгина бошқа мамлакатларни ҳам чуқур ҳурмат билан кўра олади.
Одамда шундай туйғу пайдо бўладики, гўё ер юзидаги ҳар бир халқ сизнинг қўшнингиз, ҳар бир маданият сизнинг қариндошингиз, ҳар бир давлат сизнинг туғишганингиздай бўлиб кетади. Одатдаги турдош китоблардан фарқли равишда ҳар бир рақам, ҳар бир маълумотлар янгилигига алоҳида эътибор қаратилади. 700га яқин рангли расмлар, табиат манзаралари, мамлакатларнинг байроқлари, географик хариталари, кўркам тарихий обидалари, табиат манзаралари, эътиборга молик манзиллари тасвирлари, ҳажмдор маълумотларни жам этгани китобнинг ўқишлигини ва қизиқарлилигини янада оширади.
Ҳар куни болаларимга бу китоб ҳақида айтиб беришни одат қилдим. Уйимиз ёнида анҳор оқиб ўтган. Чиройли, сувлари тиниқ анҳор. Болаларимга “чиройлими?”, десам “ҳа”, дейди тўрт ёш қизим. Шундай, дунё гўзал, агар яхши ўқисангиз, яхши инсон бўлсангиз “Дунё мамлакатлари”даги барча давлатларга саёҳатга борамиз. Агар ўқимасангиз, шу анҳордан нарисини кўрмай ўтиб кетасизлар деб турсам қизим яхши ўқишини айтиб кўнглимни кўтаради ва ўқишда давом этамиз.
Китобни ёпганингизда, сиз бошқа бир одамга айланасиз. Энди сиз дунёни билган, дунёни ҳис қилган, дунёнинг ҳар бир рангидан баҳра олган одамсиз. Оёғингиз Ўзбекистон заминида тургани ҳолда тафаккурингиз сайёрани кезиб юборади.
Мавриди келган айтиш жоизки, албатта, жуда катта маблағ ва ресурс талаб қиладиган бундай энциклопедияларни турли лойиҳалар асосида кўпроқ ададда чоп этиш, уни ҳар йили янгилаб бориш, чиройли дизайнларда совғабоп вариантларини тайёрлаш, қулай ва ҳамёнбоп электрон шаклларини ишлаб чиқиб, бутун дунёдаги ўзбек ўғил-қизларимизга тақдим этиш, китобни ҳар йили янада бойитиб-янгилаб бориш ниҳоятда долзарбдир.
Янги китоб муборак бўлсин!
Шоҳсанам Нишонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

