Ўзбекистонда шаҳар жамоат транспортини ягона агломерация тизими асосида ривожлантириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган тақдимотда маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, сўнгги уч йил ичида пойтахт ва вилоят марказларига 2 650 та замонавий автобус ва электробус олиб келинган. Шунингдек, брутто-шартнома асосида 279 та мунтазам автобус йўналиши йўлга қўйилган. Натижада ҳар куни қатновга чиқадиган автобуслар сони 3 150 тага етган.
Қайд этилишича, 2022 йилда кунлик қатновлар сони 18 мингтани ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 45,2 мингтага етган. Йўловчилар оқими эса 900 минг нафардан 2,3 миллион нафарга ошган. Шу билан бирга, соҳада 4,8 мингта янги иш ўрни яратилган.
Тақдимотда урбанизация жараёнлари туфайли шаҳарларга киришда транспорт оқими 30 фоизга ошгани таъкидланди. Шу муносабат билан шаҳар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларни ҳам ягона транспорт тизимига қўшиш таклиф этилди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Назарбек, Минерал сувлар ва Уч Қаҳрамон ҳудудларини пойтахт билан боғлайдиган янги автобус йўналишлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу орқали автомобиллар оқимини камида 20 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.
Шунингдек, “электропоезд – автобус” ва “электропоезд – метро” каби ягона тариф тизимларини жорий этиш таклиф қилинди. Вилоят марказларида эса яна 1,5 мингта катта ва ўрта сиғимли автобусларга эҳтиёж борлиги билдирилди.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида автобус импорт қилишда утилизация йиғимидан озод қилиш муддатини яна икки йилга узайтириш таклифи ҳам илгари сурилди.

