Бугун Мирзо Улуғбек туман судида блогер сифатида танилган Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича суд муҳокамалари якунланди.
Суд ҳукмига кўра, С.К. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик), 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ҳамда 273-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд томонидан унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 410 баравари миқдорида жарима қўлланилди. Қайд этилишича, жазолар алоҳида-алоҳида ижрога қаратилади.
Суд жараёнида жабрланувчи Ш.А.ga етказилган моддий зарар қоплангани эътироф этилди. Шу билан бирга, жабрланувчилар Ш.А. ва Ф.Р.ga етказилган моддий ҳамда маънавий зарар юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

