“Автомобилсиз кун” арафасида идорада жиддий йиғилиш бўлди. Экология, ҳаво мусаффолиги, соғлом турмуш тарзи ҳақида баландпарвоз гаплар айтилди. Йиғилиш якунида раҳбар столга енгилгина мушт уриб, тарихий қарор қабул қилди:
— Эртага ишга автобусда келамиз!
Хонадагилар бир лаҳза жим қолди. Бу шунчаки қарор эмас, ахборот майдони учун тайёр сенсация эди.
— Матбуот хизмати қани?
Матбуот хизмати дарров етиб келди.
— Эртага соат еттида мен бекатда бўламан. Ҳаммаси табиий бўлсин. Халқчил. Самимий. Камтар. Лекин сифатли.
“Табиий” деган жумладан кейин операторга алоҳида қўнғироқ бўлди.
Оператор шаҳарнинг нариги чеккасидан туради. У тонгги соат бешда уйидан чиқди. Ҳали қуёш ҳам уйқудан турмаган, маҳалла итлари ҳам эринчоқ ҳуриш режимида эди. Оператор эса штатив, камера, аккумулятор, сумка кўтариб, “халқчиллик тарихи”ни суратга олиш учун йўлга тушди.
Бу пайт раҳбар уйида нонушта қилиб бўлиб, қаҳвасини ҳўпларди.
Сўнг расмга мос костюм эмас, халқчилроқ кўриниш учун оддийроқ кийим танланди. Қиммат соат ечиб қўйилди. Ҳайдовчига эса:
— Орқамдан узоқроқда юрасан, кўринма, — деб тайинланди.
Бекатга етиб келинди.
Оператор терлаб-пишиб камерани шай қилди.
Раҳбар эса бекатда худди бутун умрини шу ерда ўтказгандек жиддий нигоҳ билан турди.
Биринчи автобус келди.
Автобус ичида одамлар кўп, бўш жойнинг ўзи йўқ эди.
Эшик ёпилиши учун ҳам алоҳида ирода керак.
Раҳбар юзини буриштирди:
— Йўқ-йўқ... бунақасида халқпарвар эмас, жабрдийда чиқиб қоламан. Одам кўп экан. Кадр ҳам хунук.
Автобус кетди.
Иккинчиси келди.
Бу ҳам тирбанд. Бир йўловчи ҳатто эшикдан ярим чиқиб турибди.
Раҳбар бурнини енгил тириштириб:
— Ичи... анча “ҳаётга яқин” экан. Кейингиси. Бунинг ичи сасиб кетгандир, бунча одам кириб олган.
Оператор ичида “ҳаётга яқин” деган иборани биринчи марта транспортга нисбатан эшитди.
Ниҳоят, учинчи автобус сал бўшроқ келди. Раҳбарнинг чеҳраси ёришди. Худди давлат бюджети ортиқча даромад бергандек.
— Мана шу! Оламиз!
Камера ёқилди.
Раҳбар автобусга чиқди. Валидаторга карта босди. Бир марта босди — ўтмади.
Иккинчи марта босди.
Учинчи марта ҳайдовчи:
— Ака, картани тескари ушлабсиз, — деди.
Бу кадр, табиийки, ўчирилди.
Салдан сўнг раҳбар бир онахонга:
— Ўтиринг, онахон, мен тик тураман, — деди.
Онахон ўтирди.
Оператор текширди.
— Ака... кадр унчалик чиқмабди.
Раҳбар мулойимликни сақлаб:
— Онахон, агар қарши бўлмасангиз, мана шу кадрни яна бир марта такрорласак...
Онахон ҳайратда:
— Болам, меҳр ҳам дубль билан бўладими?
Лекин давлат иши муҳим.
Саҳна қайта суратга олинди.
Бу гал раҳбарнинг чеҳрасида шундай меҳр бор эдики, худди ҳар куни учта автобусда халқ дардини эшитиб юрадигандек.
Автобус икки бекатдан ўтди.
Учинчисида қора хизмат автомобили орқадан тезгина етиб келди. Худди кино финалидаги қутқарувчи каби.
Ҳайдовчи тушиб эшик очди:
— Раҳбар, йиғилишга кеч қоляпсиз.
Раҳбар операторга қаради:
— Олдингизми?
— Ҳа.
— Зўр. Қолганини монтажда янада самимий қилинг.
Сўнг паст овозда қўшиб қўйди:
— Ҳа, айтганча... автобус йўл ҳақини тўлаб қўярсан.
Раҳбар машинага ўтириб кетди.
Оператор эса бекатда қолди.
Қўлида камера.
Кўнглида эса бир савол:
Автомобилсиз кун ўтдими ё виждонсиз кунми?
Кечга бориб идора саҳифаларида хабар чиқди:
“Раҳбаримиз экологик маданиятни қўллаб-қувватлаб, ишга жамоат транспортида борди. Бу — халққа яқинликнинг яна бир амалий ифодаси.”
Изоҳларда эса одатдагидек ёзилди:
“Қандай оддий инсон!”
“Халқ дардини ҳис қиладиган раҳбар!”
Автобусдаги онахон эса ҳалигача қўшнисига айтиб юрибди:
— Болам, мен ҳаётимда бир киши икки марта менга жой бўшатиб берганини кўрганман.
Уч Нуқта

